Брусчатка, шиша идишлар, автомобиль бамперлари – қайта ишланган чиқиндилардан қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилади
ASTANA. Kazinform – ҚР Ҳукумати чиқиндилар билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришнинг соддалаштирилган механизмини тасдиқлади. Натижада 232,2 миллиард тенгелик 94 та лойиҳа танлаб олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев маълум қилди.

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сармоядорларни жалб қилиб, йирик шаҳарларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводларини қуришни топширди.
Вазирнинг таъкидлашича, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун юқори сифатли иккиламчи хомашё талаб этилади. Бунинг учун қайта ишлаш, яъни йиғиш, ташиш ва саралашдан олдин барча технологик операцияларни ташкил қилиш керак.
“Ҳукумат қарори билан чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг соддалаштирилган механизми тасдиқланди, бу эса чиқинди ташувчи автомашиналар харид қилиш, саралаш линиялари ва қайта ишлаш иншоотларини қуришга қаратилган. Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириш кредит муддати 3 йилдан 15 йилгача, фоиз ставкаси 3 фоизни ташкил этади. Уч йилга 200 миллиард тенгега яқин маблағ ажратилади”, – деди Е. Нисанбаев Ҳукуматнинг бугунги мажлисида.
Вазирлик томонидан тузилган лойиҳа гуруҳи барча ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан маслаҳатлашувлар ва учрашувлар ўтказган.
“Лойиҳаларни кўриб чиқишда ҳудудлардаги маиший чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш ва муаммоларни тизимли ҳал этиш нуқтаи назаридан лойиҳалар самарадорлигига эътибор қаратилди. Натижада 232,2 миллиард тенгелик 94 та лойиҳа танлаб олинди. Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида брусчатка, люклар, чиқинди қутилари, шиша идишлар, стрейч плёнкалар, автомобиль бамперлари ва бошқа халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилади”, – деди Экология вазири.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда атиги 1 миллион тонна маиший чиқиндилар қайта ишланади.