БРИКС саммити бўлиб ўтмоқда

ASTANA. Kazinfrom - Бугун, 22 август куни Жанубий Африка Республикасининг Йоханнесбург шаҳрида БРИКС гуруҳи (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси)нинг XV саммити очилди. Кун тартибидаги асосий мавзуси – «БРИКС ва Африка – жадал ўсиш, барқарор ривожланиш ва инклюзив кўп томонлама ҳамкорлик учун», деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.
None

Саммит раиси, ЖАР Президенти Сирил Рамафоса тадбирга Африка ва бошқа минтақаларнинг 60 дан зиёд давлат ва ҳукумат раҳбарини таклиф қилган. Анжуман уч кун давом этади.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, иштирокчилар учта масалани кўриб чиқишади: иқтисодиёт ва молия соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш, гуманитар соҳага эътибор бериш ва ассоциация халқлари ўртасидаги ижтимоий, маданий муносабатларнинг турли шаклларини рағбатлантириш.

БРИКС мамлакатлари раҳбарлари фикрича, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабат асоси ўзаро ҳурмат, тенглик, очиқлик ва консенсусдан келиб чиқади. Ушбу тамойиллар барча халқаро ташкилотларга, биринчи навбатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ҳам тааллуқли бўлиши кераклигини таъкидлашади.

24 август куни БРИКС – Африка мулоқоти ва «БРИКСнинг дўстлари» форматида учрашув бўлиб ўтади.

Жанубий Африка режасига кўра, тузилманинг мавқеини кўп маротаба кучайтириш, глобал Жануб учун халқаро муносабатнинг барча тизимларида тубдан ислоҳот ўтказишни кун тартибига олиб чиқиш лозим.


Сўнгги хабарлар