«БРИКС Плюс» давлатлари олий вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди
SANKT-PETERBURG. Kazinform – Санкт-Петербургда «БРИКС Плюс» давлатларининг хавфсизлик масалалари учун масъул олий вакилларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Ғизат Нурдаулетов иштирок этди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир иштирокчилари халқаро хавфсизликка оид энг долзарб чақириқ ва таҳдидлар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида «БРИКС Плюс» давлатларининг ўзаро интеграциясини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби ҳамкасбларини минтақавий хавфсизлик соҳасидаги асосий йўналишлар бўйича мамлакат позицияси ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, халқаро терроризм ва киберхавфсизлик таҳдидларига қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.