Болгариянинг Пловдив шаҳрида Қозоғистон ҳақида фотокўргазма очилди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Элчихонаси ва Қозоғистоннинг Пловдив шаҳридаги Фахрий консуллиги ташаббуси билан шаҳарнинг марказий майдонида мамлакат табиати ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган “Номаълум Қозоғистон” мавзули фотокўргазмасининг расмий очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Болгариянинг Пловдив шаҳрида Қозоғистон ҳақида фотокўргазма очилди
Фото: ҚР ТИВ

Тадбирда шаҳар ва вилоят раҳбарияти, маҳаллий зиёлилар, қозоқ диаспораси, Болгария жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қозоғистоннинг Болгариядаги Элчиси Виктор Темирбаев Қозоғистон Евроосиёнинг қоқ марказида, дунёнинг энг қадимий цивилизациялари чорраҳасида, транспорт артериялари, иқтисодий ва ижтимоий тармоқлар чорраҳасида жойлашган, Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимол, Европа ва Осиё ўртасидаги маданий-мафкуравий алоқалар ниҳоятда бой тарих ва маданиятга эга давлат эканини та’кидлади. Қозоғистон дипломати буларнинг барчаси замонавий Қозоғистоннинг кучли, мустақил ва жадал ривожланаётган давлат сифатида шаклланишида қудратли пойдевор бўлиб хизмат қилганини таъкидлади.

Пловдив мэрининг ўринбосари Пламен Панов Қозоғистон тараққиётида эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, икки томонлама муносабатлар юксак даражада эканини қайд этди. Бундан ташқари, мэр ўринбосари Қозоғистоннинг мафтункор табиатига юқори баҳо берди.

Болгариянинг Пловдив шаҳрида Қозоғистон ҳақида фотокўргазма очилди
Фото: ҚР ТИВ

 

Ўз навбатида, Қозоғистон Фахрий консули Пламен Панчев Қозоғистон ва Болгария ҳудудлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик вектори бундан буён ҳам халқларимиз фаровонлиги йўлида ривожланиб боришини таъкидлади.

Тадбир меҳмонлари Қозоғистоннинг бетакрор табиати, гўзал манзаралари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси акс этган фотосуратлардан баҳраманд бўлишди.

Фотокўргазма 2024 йилнинг 30 апрелига қадар шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун очиқ бўлади.

Пловдив Болгариянинг иккинчи йирик шаҳри бўлиб, унинг ёши 8000 йилдан ошади, ўз тарихини қадимий даврлардан то ҳозирги кунгача йилномаларга битган ва Жанубий Болгариянинг энг жадал ривожланаётган марказидир.

Қозоғистоннинг Пловдив шаҳридаги Фахрий консуллиги 2023 йил 15 декабрда очилди.

Сўнгги хабарлар