Болгария қирғоқлари яқинида буғдой ортилган юк кемаси ағдарилиб кетди
ASTANA. Kazinform — Буғдой ташиётган BETUL 8 юк кемаси Болгария қирғоқлари яқинида Қора денгизда денгиз дронлари ҳужумидан сўнг ағдарилиб кетган бўлиши мумкин. Экипажнинг барча 12 нафар аъзоси — Туркия ва Озарбайжон фуқаролари қутқарилди. Бу ҳақда Kazinform DW агентлигига таяниб хабар беради.
Сомали байроғи остида сузиб юрган BETUL 8 юк кемаси Болгария қирғоқлари яқинида Қора денгизда дронлар ҳужумидан кейин ағдарилиб кетди. Экипажнинг барча аъзолари қутқарилди. Денгизчиларнинг ҳеч бири оғир жароҳат олмаган, бироқ улар қаттиқ совқотган. Бу ҳақда Софиядаги Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Мисрга дон олиб кетаётган кеманинг 12 нафар денгизчиси қутқарилди
Қутқарув операциясида Болгариянинг иккита, Руминия ва Туркиянинг биттадан кемаси иштирок этиб, экипажнинг 12 нафар аъзосини қутқариб қолди. Уларнинг саккиз нафари Туркия, тўрт нафари эса Озарбайжон фуқаролари. Қайд этиш жоизки, BETUL 8 кемаси Руминиянинг Тулча портидан Мисрга 3 минг тонна буғдой олиб кетаётган бўлган.
DW маълумотларига кўра, кемага дронлар ҳужум қилгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Бироқ қутқарилган денгизчилар Варна шаҳрида журналистларга кемага иккита денгиз дрони ҳужум қилганини айтишган. Ушбу воқеадан сўнг кема Калиакра бурнидан жануби-шарққа қараб тахминан 75 километр масофада фалокат сигнали берган.