Болаларга ҳужум қилинганидан кейин Дублинда тартибсизликлар бошланди

Дублин
Фото: DW

Юзлаб ўнг қанот экстремистлар Ирландия пойтахти кўчаларига чиқди. Тартибсизликлар полиция билан тўқнашувларга айланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги DW нашрига таяниб.

Пайшанбага ўтар кечаси Дублиннинг бир қанча ҳудудларида оммавий тартибсизликлар бошланди.

Полицияга кўра, уларнинг ортида ўнг қанот экстремистлар турибди.

Британиянинг Sky News агентлигига кўра, полиция билан тўқнашувга айланган намойиш иштирокчилари сони юзлаб одамларга етади.

Намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига шиша ва фаерлар улоқтириб, бир неча автобус ва полиция машиналарини ёқиб юборган.

Ижтимоий тармоқларда ҳужумга учраган дўкон видеоси тарқалмоқда.

Одамлар кўчаларга чиқиб, муҳожирларга қарши шиорлар айтишди. Тартибни сақлаш учун полиция қўшимча куч талаб қилди, деди полиция вакили RTEга.

Тўполонларга боғча яқинидаги ҳужум сабаб бўлган.

Ирландия пойтахтида тартибсизликлар пичоқ ушлаган шахс шаҳар марказида аҳолига ҳужум қилганидан бир неча соат ўтиб бошланган. Интернетда ҳужумчи Жазоирдан экани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда, бироқ бу расман тасдиқланмаган.

Полиция гумонланувчининг миллати ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Ҳужум кундузи Шарқий Парнелл майдонидаги болалар боғчаси яқинида содир бўлган. Гумонланувчи уч бола ва уларни ҳимоя қилмоқчи бўлган ўқитувчини пичоқлаган. Икки киши — беш ёшли қиз ва 30 ёшли аёл оғир жароҳат олган. Ҳужумчи полиция етиб келгунча кўчада кетаётган одамлар томонидан ушланган. Ҳибсга олиш вақтида у ҳам яраланган.

Жиноят сабаби номаълум ва дастлаб полиция вакиллари воқеани теракт деб ҳисобламаганликларини маълум қилишган. Айни пайтда полиция спикери Лиам Жерати воқеа юзасидан жамоатчиликнинг хавотирини тушунганини, аммо бу шаҳар ёки мамлакатдаги бошқа муаммоларга алоқаси йўқлигига ишонишини айтди. Полиция тартибсизликларни “ўнг қанот мафкураси томонидан бошқариладиган ақлдан озган безорилар гуруҳи” деб атаган. Натижада, расмийлар террористик характердаги қасддан ҳужум қилиш эҳтимоли ҳам кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Сўнгги хабарлар