Бокуда Қозоғистоннинг Мустақиллик куни нишонланди

Бокуда Қозоғистоннинг Мустақиллик куни нишонланди
Фото: Серикбол Қошмағамбетов

Қозоғистоннинг Озарбайжондаги Элчихонасида Қозоғистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Каzinform мухбири хабар беради.

Озарбайжон Республикаси давлат арбоблари, расмий шахслар, Парламент депутатлари, хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли фан, маданият ва санъат намояндалари, етакчи таҳлилий марказлар экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Озарбайжонда истиқомат қилаётган Қозоғистон фуқаролари тадбирда иштирок этди.

Қозоғистоннинг Озарбайжондаги Элчиси Алим Байел ўз нутқида Мустақиллик даврида эришилган асосий ютуқларга тўхталди. Дипломат Қозоғистоннинг Озарбайжон билан сиёсий, иқтисодий, транспорт-логистика ва мудофаа соҳаларида муваффақиятли ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратди.

Бокуда Қозоғистоннинг Мустақиллик куни нишонланди
Фото: Серикбол Қошмағамбетов

 

А. Байелнинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатларда Ўрта йўлакнинг транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш, Қозоғистон нефтини Озарбайжон орқали ташиш, Каспий денгизи остидан оптик толали алоқа тармоғини ўтказиш каби минтақавий аҳамиятга молик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистондан Озарбайжон орқали Европага электр энергиясини экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Самир Шарифов Қозоғистонни Мустақиллик куни билан табриклади ва икки томонлама ҳамкорликнинг 2023 йилдаги асосий натижаларини қайд этди. Озарбайжон Маданият вазири ўринбосари Фарид Жафаров яқинда Бокуда ташкил этилган Қозоғистон маданият кунлари муваффақиятли ўтганини таъкидлади.

Бокуда Қозоғистоннинг Мустақиллик куни нишонланди
Фото: Серикбол Қошмағамбетов

 

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари Халқаро турк маданияти ва мероси жамғармасининг янги тайинланган президенти Ақтоти Райимқуловани лавозимга киришиши билан табриклаб, собиқ президент Гунай Эфендиевага фаолияти учун миннатдорчилик билдирди.

Тадбир доирасида Қозоғистонга бағишланган тематик фотокўргазма ташкил этилди. Меҳмонларга қозоқ миллий таомлари таклиф қилинди.

Муаллиф: Серикбол Қошмағанбетова

Сўнгги хабарлар