БМТ раҳбари халқаро ҳамжамиятларни океанларни қутқаришга чақирди
ASTANA. Kazinform – БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш шанба куни халқаро ҳамжамиятни океанларни қутқариш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги ёзди.

“Океан ер юзидаги барча ҳаётни қўллаб-қувватлайди ва мустаҳкамлайди, аммо бизнинг океанимиз муаммога дуч келмоқда. Бунга фақат ўзимиз айбдормиз”, – дейилади БМТ Бош котибининг ҳар йили нишонланадиган Бутунжаҳон океанлар кунига бағишланган табригида.
Гутерриш иқлим ўзгаришининг денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келадиган таъсирини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, иқлимдаги бу ўзгаришлар нафақат “кичик ороллар ривожланаётган давлатлар ва қирғоқбўйи аҳолисининг омон қолишига” таҳдид солади, балки “экстремал об-ҳаво барчамизга таъсир қилади”.
Жаҳон органи раҳбари ўтган йил июнь ойида БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси доирасида миллий юрисдикциядан ташқарида жойлашган ҳудудларда денгиз биологик хилма-хиллигини сақлаш ва барқарор фойдаланиш бўйича қабул қилинган келишувни “сўнгги ўн йилликдаги океанни бошқариш бўйича энг муҳим янги келишув” деб атади.
Бу йилги Келажак саммитида ва келаси йили Францияда бўлиб ўтадиган БМТнинг Океан конференциясида муҳим имкониятларни таъкидлаб, Гутерриш ҳукуматлар, бизнеслар, инвесторлар, олимлар ва жамоаларни “қимматбаҳо денгиз ва қирғоқ экотизимларини қайта тиклаш ва ҳимоя қила оладиган чоралар кўриш мажбуриятини олишга” чақирди.