БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди

Газа
Фото: Abed Rahim Khatib/Flash90

ASTANA. Kazinform – БМТ Хавфсизлик Кенгаши илк бор Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 14 давлат қўллаб-қувватлади, АҚШ бетараф қолди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 25 март куни Ғазо секторида «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш»га чақирувчи резолюцияни қабул қилди, деб хабар беради BBC News.

Ҳужжат, шунингдек, барча гаровга олинганларни зудлик билан, шартсиз озод қилишни талаб қилади.

Бу 2023 йил октябрь ойида ХАМАС Исроил ҳудудига ҳужум қилганидан кейин Исроил ва ХАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган бирин чи шундай чақириқ ҳисобланади.

Бундан аввал Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияларини блоклаган АҚШ бу сафар овоз беришда бетараф қолди.

Қабул қилинган резолюция кенгашнинг доимий бўлмаган ўн нафар аъзоси томонидан ёзилган ва Мозамбик вакили томонидан таклиф қилинган. Ҳужжат учун Хавфсизлик Кенгашининг 14 аъзоси овоз берган.

«Хавфсизлик Кенгаши яқинда Ғазо сектори бўйича узоқ кутилган резолюцияни маъқуллаб, зудлик билан ўт очишни тўхтатишни ва барча гаровга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишни талаб қилди.

Бу қарор амалга оширилиши керак. Муваффақиятсизликни кечириб бўлмас эди”, – деб ёзди БМТ раҳбари Антониу Гутерриш.

Сўнгги хабарлар