Биз жаҳон трендларидан четда қолмаслигимиз керак - АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаш бўйича халқ штаби
QYZYLORDA. Кazinform - Бугун АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаш бўйича Халқ штаби Қизилўрдага етиб келди. Бу ерда оналар, оқсоқоллар, қишлоқ аҳли, меҳнат жамоалари билан бир қатор учрашувлар ўтказилди. Қизилўрдаликлар АЭС қурилишининг аҳамиятини тушуниб, ҳудудни, бутун мамлакатни ривожлантиришнинг кенг кўламли режасини ушбу ташаббус билан боғлайди.
Қизилўрда шаҳридаги «Анаға тағзым» (“Онага таъзим”) марказида вилоятдаги оналар жамоаси билан учрашув бўлиб ўтди. Штаб аъзолари таъкидлаганидек, Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев она ва болани қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ижтимоий тўловлар миқдори йил сайин ортиб бормоқда, “Миллий жамғарма - болаларга” дастури иш бошлади, тез орада “Келешек”(“Келажак”) ягона ихтиёрий жамғарма тизими жорий этилади.
Парламент спикери, «AMANAT» партияси раиси Ерлан Қошанов ҳар бир она фарзандининг саломатлиги, ёруғ келажагига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. У ўз нутқида АЭС экологик нуқтаи назардан энг тоза, энг хавфсиз энергия манбаи эканлигини, АЭС қурилиши кўмир маҳсулотлари истеъмолини сезиларли даражада камайтириши ва шаҳарларда тоза ҳаво таъминланишини таъкидлади. Шунингдек, у АЭС бўлажак муҳандислар, энергетиклар, ядро физиклари, қурилишчилар ва бошқа мутахассисларга муносиб иш топиш ва касбий юксалиш учун йўл очиб беришини айтди.
“Биз барчамиз кучли ва мустақил Қозоғистонда, иқтисодиёти ривожланган ва келажаги порлоқ мамлакатда яшашни, ишлашни ва фарзандлар тарбиялашни хоҳлаймиз. Атом энергетикаси мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш имконини берувчи келажакка қаратилган қадамдир. Шундай экан, 6 октябрь куни атом АЭС қуриш учун овоз бериш орқали биз, энг аввало, келажак авлодимизнинг порлоқ келажагига пойдевор қўямиз”, - деди у.
Ядро физикаси институти бош директори Саябек Сахиев Қозоғистонда АЭС қуриш учун зарур илмий-техник база ва кадрлар салоҳияти мавжудлигини айтди. Хусусан, Алмати марказидаги кам қувватли реактор қарийб 60 йилдан бери муваффақиятли ишламоқда. У ерда 700 дан ортиқ киши меҳнат қилади. Тиббиётдан тортиб саноатгача турли йўналишларда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Барча ишлар МАГАТЭнинг бевосита назорати остида амалга оширилади. Буларнинг барчаси АЭС қуришда қўлланилади.
Вилоятдаги кўп болали оналар АЭС кенг кўламли лойиҳа бўлиб, турли соҳаларда – уйларни иситиш ва экологиядан тортиб бизнесни ривожлантириш, янги корхоналар ташкил этишгача бўлган мультипликатив самара беришини таъкидладилар. Шу муносабат билан ўз мамлакати тараққиётини истаган ҳар бир фуқаро АЭСни қўллаб-қувватлаши керак. Шунинг учун ҳам Қизилўрда вилояти оналар жамоаси тинч атомни қўллаб-қувватлайди ва овоз беради.
Шундан сўнг Штаб аъзолари бетон ишлаб чиқариш заводига бориб, қурилиш соҳаси вакиллари билан учрашди. «Respublica» партияси Раиси Айдарбек Қожаназаров тинч атом қурилиш соҳасида янги имкониятлар очишини таъкидлади. Масалан, АЭС қуриш жараёнида маҳаллий қурилиш компанияларининг юкламаси юқори. Яъни, нафақат атом электр станцияси, балки унга ҳамроҳ бўлган инфратузилма ҳам қурилади: кириш йўллари, ходимлар учун уй-жой, ижтимоий инфратузилма объектлари.
Dalatex тикувчилик фабрикасида Штаб аъзолари корхона меҳнат жамоаси билан саноат объектларини барқарор энергия билан таъминлаш муҳимлигини муҳокама қилди. Электр таъминоти муаммоси барча ҳудудлар учун умумийдир. Энергия етишмаслиги янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тўсқинлик қилади. Қизилўрда вилоятида сўнгги икки йилда электр энергияси истеъмоли ҳажми ошди. Вилоятда ўнлаб турар жой, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Бу тармоқдаги электр энергиясининг 23 фоизга қисқаришига олиб келди. Атом электр станцияси бу муаммони ҳал қилиши мумкин. Мавжуд ИЭМ билан таққослаганда, унинг афзалликлари анча юқори.
Шу куни Халқ штаби нафақат вилоятда, балки мамлакатда нефть ва газ қазиб олувчи етакчи корхоналардан бири саналган “Торғай-петролеум” корхонасида бўлди. Бундай йирик корхоналар мунтазам ишлаши учун барқарор ва узоқ муддатли энергия манбасига муҳтож. Шу боис нефтчилар бўлажак референдумда АЭС қурилиши учун овоз бериш ниятида.
Бундан ташқари, Халқ штаби Сирдарё туманининг Ақжарма қишлоғида бўлди. Аҳолиси билан суҳбат чоғида Штаб аъзолари АЭСнинг қишлоқ ободончилигида очадиган истиқболларига атрофлича тўхталди. «Ауыл» партияси Раиси Серик Егизбаевнинг таъкидлашича, эртага электр қуввати тақчил бўлса, бу биринчи навбатда қишлоқларда сезилади. Шу муносабат билан у қишлоқ аҳлини 6 октябрь куни мамлакат фаровонлиги учун муҳим қарор қабул қилишга ва АЭС қурилишини қўллаб-қувватлашга таклиф қилди.
Шунингдек, Штаб аъзолари Қозоғистон ҳудудида шоличилик билан машҳур Нағи Илясов номидаги қишлоқда бўлиб, аҳоли билан учрашди. Мамлакат деҳқонлари ва фермерлари АЭС муҳимлигини таъкидламоқда. Ишончли ва узоқ муддатли энергия манбаи қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун катта имкониятлар яратади. Булар қишлоқда иссиқхоналар барпо этиш, экин майдонларини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этишдир. Буларнинг барчаси маҳаллий агросаноат мажмуасининг рақобатбардошлигини бир неча баробар оширади. Шу муносабат билан, Қизилўрда қишлоғи аҳолисининг фикрича, АЭС қурилишини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳал қилувчи қадам ва келажак авлодлар учун ҳақиқий ғамхўрликдир. Шундай экан, барча қозоғистонликлар бўлажак референдумда фаол иштирок этиб, АЭС қурилиши учун овоз бериши ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши керак.