Биз Сингапур каби иқтидорлилар ва инновациялар жам бўлган ишончли марказга айланишга интиламиз - Тоқаев

ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари “Қозоғистон ва ўрта державаларнинг роли: хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга кўмаклашиш” мавзусида маъруза қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: akorda.kz

Давлат ташрифи доирасида Қасим-Жомарт Тоқаев 46-Сингапур маърузасини ўқиди. Президент глобал хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда ўрта державаларнинг ўрни ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

1980 йиллардан буён Юсоф Исҳоқ институти (ISEAS) томонидан ташкил этилган Сингапур маърузалари академиклар, сиёсатчилар, дипломатлар ва ёш олимлар учун давлат раҳбарлари ва жаҳон миқёсидаги сиёсатчиларнинг позицияларини бевосита тинглаш учун платформа ҳисобланади.

Қасим-Жомарт Тоқаев тадбир иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, Сингапур унинг ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Кўп йиллар аввал мен бу мамлакатда ёш дипломат сифатида хизмат қилганман. Сингапурга қайтиб келганимдан, бу олижаноб халқнинг улкан муваффақиятлар йўлида давом этаётганини ўз кўзим билан кўрганимдан хурсандман. Мамлакат асосчиси Ли Куан Юнинг истиқболли раҳбарлигида Сингапурда амалга оширилган машҳур иқтисодий ўзгаришлар, аслида, мамлакат пойдеворини мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишга эришишнинг ёрқин намунасига айланди. Мамлакатингиз Қозоғистонни тараққиёт ва фаровонлик йўлида ўз йўлини танлашга ундайди. Дарҳақиқат, Сингапурдаги йиллар давомида мен қатъият ва новаторликни ўргандим. Бу фазилатлар бугунги беқарор дунёда Қозоғистоннинг келажаги ҳақидаги фикримни шакллантиришга таъсир қилди, - деди Президент.

Давлат раҳбари мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, “Адолатли Қозоғистон” ва Бош вазир Лоуренс Вонг томонидан таклиф этилган “Олдинга, Сингапур” дастурларининг мақсад ва тамойиллари ўхшашлигини таъкидлади.

– Иккала ҳужжатда ҳам халқ дардини биринчи ўринга қўйиб, ҳар бир фуқаро юрт фаровонлигини ҳис қилиши керак деган тамойилга амал қилинган. Кенг кўламли миллий ўзгаришлар осон кечадиган жараён эмас. Лекин қанчалик қийин бўлмасин, биз бу стратегик йўналишдан четга чиқмаймиз. Ўтган йили иқтисодий ўсиш 5,1 фоизга ошди. Биз 2029 йилга келиб ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробарга, яъни 450 миллиард долларга ошириш ниятидамиз. Бу юксак мақсадга эришиш учун билим ва инновацияларга асосланган замонавий иқтисодиётнинг пойдеворини яратишимиз, йиллик ўсишни 6 фоизга оширишимиз керак. Биз Сингапур каби бизнес, молия, иқтидорлилар ва инновациялар жам бўлган ишончли марказга айланишга интиламиз, - деди Қозоғистон Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев инвестиция сиёсати ва Қозоғистонда иқтисодиётни диверсификация қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, географик масофа, ер катталиги ва тарихидаги фарқларга қарамай, Қозоғистон ва Сингапур кўплаб умумий қадриятларга эга ва бир хил муаммоларга дуч келмоқда.

– Жорий йилнинг январь ойида Германия халқаро муносабатлар ва хавфсизлик институти Қозоғистонни биринчи марта дунёнинг ўрта державалари тоифасига киритди. Сингапурликлар ўзларини кичик давлат деб билишларини яхши биламан. Аммо, назаримда, Сингапурнинг молиявий-иқтисодий таъсири, халқаро денгиз йўллари чорраҳасида жойлашган стратегик жойлашуви, 2024 йилги Global Firepower ҳисоботида 145 давлат орасида 30-ўринни эгаллаши бу давлатнинг мавқеи анча юқори эканлигидан далолат беради. Қолаверса, стратегик фикрлаш ва самарали дипломатия Сингапурни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим кўприкга айлантирди, - деди Давлат раҳбари.

Бунгача Давлат раҳбари Сингапур Президентининг Истана саройига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Қасим-Жомарт Тоқаев Сингапур Республикаси Президенти Тарман Шанмугаратнам билан музокаралар ўтказди.

Давлат раҳбари яқинда Сингапур Бош вазири этиб тайинланган Лоуренс Вонгни ҳам табриклаб, янги давлат лавозимида муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Президенти Сингапур Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодий сиёсат бўйича мувофиқлаштирувчи вазир Хенг Суи Кеат ни қабул қилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Сингапур бизнес-форумининг ёпилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Бизнес-форум доирасида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Сўнгги хабарлар