Бишкекдаги ресторанлардан бирида 318 киши овқатдан заҳарланди
Лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра, ролл-суши тайёр маҳсулотида салмонеллалар мавжудлиги аниқланди. Бу ҳақда Бишкек Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Кубан Кундашев маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, салмонелла лосос балиғида топилган.
«Ресторанлар тармоғида битта етказиб берувчи бор эди. Эҳтимол, балиқнинг бутун партияси шундай бўлган. «Ҳозирда «Пицца империяси» ресторанлар тармоғи барча ҳолатларга ойдинлик киритилгунга қадар япон таомларини тақдим этмайди», — деди у.
Бишкек ва Шу вилоятидаги соғлиқни сақлаш ташкилотларига овқатдан заҳарланиш бўйича шикоятлар билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганларнинг умумий сони 318 нафарни ташкил этди. Бишкекдаги сўнгги оммавий овқатдан заҳарланиш ҳолати муносабати билан Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари мутахассислари бутун мамлакат бўйлаб ресторанларни текширади.