Бишкекда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг XXII учрашуви бўлиб ўтмоқда
Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Қирғизистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг XXII мажлиси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
Учрашув бошланишидан аввал делегация раҳбарларини кутиб олиш ва суратга тушиш маросими бўлиб ўтди. Сўнгра йиғилиш иштирокчилари қароргоҳнинг конгресслар залида Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашади. Кейин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилиши бошланади.
Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко, Эрон Ислом Республикаси Биринчи вице-президенти Муҳаммад Моҳбер, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов, Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари – Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Цян, Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Республикаси Бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Хўжамират Гелдимирадов, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманьям Жаишанкар ва Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Жилани иштирок этмоқда.
Учрашувда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинади, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда қатор ҳужжатлар имзоланади.
Ҳозирги вақтда турли даражада ШҲТ таркибига кирган давлатлар қуйидагилардир:
9 та аъзо давлат – Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси.
3 та давлат ШҲТ ҳузурида кузатувчи давлат мақомига эга – Афғонистон Ислом Республикаси, Беларусь Республикаси, Мўғулистон. 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Беларусь Республикасининг аъзо давлат мақомини ошириш жараёни бошланди.
14 та давлат ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкор – Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Баҳрайн Қироллиги, Миср Араб Республикаси, Камбоджа Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Мальдив ороллари Республикаси, Мьянма Иттифоқи Республикаси, Непал Федератив Демократик Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони Қироллиги, Туркия Республикаси, Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикаси.
Эслатиб ўтамиз, бугун Қирғизистонда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Қирғизистон пойтахтида ўтказилаётган расмий тадбирларда 4000 га яқин ҳуқуқ-тартибот ходимлари жамоат хавфсизлигини таъминламоқда. Бишкекдаги барча таълим муассасалари онлайн форматга ўтди.