Бишкекда МДҲ давлатлари ХVII ёшлар Делфий ўйинлари бошланди

“Кабар”нинг маълумотларига кўра, Бишкекдаги Тўқтўғул Сатилганов номли Қирғизистон миллий филармониясида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ХVII ёшлар Делфий ўйинлари бошланди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Мақсутов Делфий ўйинлари МДҲ давлатлари ёшлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашнинг ўзига хос платформаси сифатида мамлакатлар ўртасидаги яхши шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов Президент Садир Жапаровнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик мактубини ўқиб эшиттирди. Қутловда ХVII ёшлар Делфий ўйинлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётгани муносабати билан алоҳида қувонч, ифтихор туйғулари изҳор этилган.
Дастурга мувофиқ, Россия Федерациясининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Удовиченко Президент Владимир Путиннинг табрик мактубини ҳам ўқиб берди. Қайд этилишича, Россия етакчиси мусобақа МДҲ доирасида кенг эътирофга сазовор бўлгани бежиз эмаслигини билдирган.
– Ушбу кенг кўламли лойиҳа ёшларга санъатда ўз йўлини топиш, ижодий қобилиятини ривожлантириш, халқаро миқёсда маҳоратини намоён қилиш ва экспертлар олқишига сазовор бўлишда ёрдам беради, – дейилади Путиннинг мактубида.
Расмий қисмдан сўнг МДҲга аъзо давлатлар ХVII ёшлар Делфий ўйинлари очилиш маросими муҳташам концерт дастури билан давом этди.