Бишкекда «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўлини қуриш компанияси таъсис этилди
ASTANA. Kazinform – Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини қуриш компанияси офиси Бишкекда ташкил этилди. Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров лойиҳани «аср қурилиши» деб атади, деб хабар беради Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров мамлакатда ушбу лойиҳа юқори баҳоланишини ва уни «аср қурилиши» деб атади. Унинг сўзларига кўра, ушбу темир йўл қурилиши Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
«Бу тарихий воқеага етиб бориш учун катта ва самарали ишлар қилинди. Лекин таъкидлаш жоизки, бу лойиҳани тўлақонли амалга ошириш йўлидаги илк қадам, олдимизда катта вазифалар турибди. Шу билан бирга, хитойлик ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг бой тажрибасига таяниб, ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаймиз», — деди у
Июль ойида Ўзбекистон президенти Хитой − Қирғизистон − Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича лойиҳа компанияси устав фондига 255 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берган. Шундан 14 млн доллари жорий йил якунига қадар йўналтирилиши керак.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакилининг маълум қилишича, қўшма компанияда Хитойнинг улуши 51 фоизни, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг улуши эса 24,5 фоизни ташкил этади. Унинг таъсисчилари сифатида Хитойнинг China Railway International Co., Ltd, Қирғизистоннинг «Қирғиз темир йўли» ва Ўзбекистоннинг «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари иштирок этмоқда. Қирғизистон ўз бюджетида 130,5 млн доллар ажратишни режалаштирган.