Бишкекда байроқни ўзгартиришга қарши намойиш бўлиб ўтди

Бишкекда байроқни ўзгартиришга қарши намойиш бўлиб ўтди
Фото: kaktus.media

Қирғизистон пойтахтида М.Горкий номидаги истироҳат боғида давлат байроғининг ўзгаришига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

Тинчлик митингига йиғилган 50 дан ортиқ киши Жогорку Кенеш депутатларининг мамлакат давлат рамзидаги қуёш тасвирини ўзгартириш ҳақидаги қарорига қўшилмаслигини билдирди. Акция иштирокчилари байроқни алмаштирмасликни ва бугунги акция ташаббускори фуқаролик фаоли Афтандил Жоробековни озод қилишни талаб қилишди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уни оммавий тартибсизлик ва республикадаги ижтимоий вазиятни беқарорлаштиришга чақиргани учун икки ойга ҳибсга олди.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Жогорку Кенеш депутатлари Давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган эди. Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган 80 депутатдан 66 нафари уни қўллаб-қувватлаган бўлса, 8 нафар халқ вакили бунга қарши чиқди. Давлат рамзидаги қуёш нурини ўзгартириш ташаббуси Қирғизистон Республикаси Парламенти Раиси Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примов томонидан илгари сурилган.

Аввалроқ Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров бу ташаббусни қўллаб-қувватлагани хабар қилинганди. Шунингдек, давлат рамзидаги қуёшни ўзгартириш тарафдори бўлган Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ўзининг Facebookдаги саҳифасида бу ҳақда ёзди.

Қирғизистон жамиятида келажакда мамлакат давлат байроғидаги нурлар тасвирини ўзгартириш ғояси қизғин муҳокама қилинмоқда. Баъзилар буни олқишласа, бошқалари, аксинча, ўзгаришларга кескин қарши.

Сўнгги хабарлар