Бишкекда 20 дан ортиқ одам шаурмадан заҳарланди
Бишкек шаҳрида Шу шоҳ кўчаси ва Суйинбаев кўчаси кесишмасида жойлашган “Беш лаваш” ва “Мидос” тез овқатланиш шохобчаларида шаурма билан заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Kazinform “Каbar” агентлигига таяниб хабар беради.

Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, оммавий заҳарланиш оқибатида 21 киши жабрланган. Республика юқумли касалликлар клиник шифохонасига 15 киши ётқизилди. Унда 2 та бола бор. Қолган 6 нафари амбулатор даволанмоқда.
“Текширув давомида санитар-микробиологик тадқиқотлар учун тайёр шаурма намуналари, ингредиентлар ва суртмалар олинди”, — дейилади хабарда.
Аниқланган қоидабузарлик учун тез овқатланиш шохобчаси 72 000 сом жаримага тортилди ва қоидабузарлик бартараф этилгунга қадар ёпилди.