Биринчи синфга қабул қилишга 180 мингдан ортиқ ариза келиб тушди – ҚР Таълим ва фан вазирлиги

Бу ҳақда Таълим ва фан вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мактабга қабул қилиш хизмати автоматлаштирилган. Бу иш egov.kz портали орқали амалга оширилади. 1-синфга ўқишга бориш учун аризалар 1 апрелдан 1 августгача топширилиши мумкин.
«Фуқароларга кўрсатилаётган барча хизматларни автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ягона миллий тест, барча даражадаги олимпиадалар электрон форматга ўтказилди. У жуда кўп афзалликларга эга, уларнинг асосийси бутун жараённинг шаффофлиги. Биз шаффофлик ва фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратилиши тарафдоримиз. Ҳужжатларни қабул қилишнинг биринчи кунида egov.kz портали орқали 10 мингдан ортиқ электрон ариза келиб тушди. Бундай кўрсаткичлар Қозоғистон Таълим ва фан вазирлигининг рақамли давлат хизматларининг фуқаролар орасида машҳурлигини кўрсатади», — деди Таълим ва фан вазири ўринбосари Айбат Илясов.
Эслатиб ўтамиз, 1-синфга болаларни қабул қилиш ота-онаси ёки ўқувчининг қонуний вакилининг шахсий аризаси асосида амалга оширилади. Шунингдек, қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади: боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси; 026 / у-3 шаклидаги саломатлик маълумотномаси; 065/у шаклидаги саломатлик тўғрисидаги ҳужжат ва ўқувчининг 3х4 ўлчамдаги иккита фотосурати (Қабул қилишнинг стандарт қоидалари Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг 2018 йил 12 октябрдаги 564-сонли буйруғига мувофиқ болаларни мактабга қабул қилиш тартибини белгилайди).