Бир ой олдин Нобель мукофоти совриндори бўлган Наргиз Муҳаммадий қамоқхонада очлик эълон қилди
51 ёшли Муҳаммадий ўзи ва бошқа маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатилмагани ва ҳижоб ўрашга мажбурланганидан норозилик билдирмоқда.
Ўтган ҳафта Наргиз Муҳаммадий сочларини рўмол билан ўраб олгани учун қамоқхона шифокорлари уни даволашдан бош тортишган.
У бир ҳафта давомида қамоқхона раҳбарияти ва адлияга бир неча бор мурожаат қилган, аммо прокурор Муҳаммадий хонимни даволаниш учун шифохонага ўтказишни рад этган.
“Унинг юраги ва ўпкаси билан боғлиқ муаммолар бор, бироқ прокурор уни касалхонага ётқизишни ман қилди”, – дейилади оила баёнотида.
Қамоқхонадаги ишончли шифокор томонидан қўйилган ташхис ва экокардиёграммага кўра, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун кардиология марказига ётқизилиши керак.
“Аёл маҳбуслардан касалхонага ётқизиш учун ҳижоб ўрашни талаб қилиш ғайриинсоний ва маънавий жиҳатдан қораланади”, – дейди Нобель қўмитаси раиси Берит Рейсс-Андерсен.
Эрон суд тизими ва қамоқхона раҳбарияти воқеа юзасидан изоҳ бермади.
Эрон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази вице-президенти Наргиз Муҳаммадий 13 марта ҳибсга олинган, беш марта айбдор деб топилган ва жами 31 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Шунингдек, у 154 марта дарра уришга ҳукм қилинган, аммо у амалга оширилганми ёки йўқми номаълум.