Билимлар рақобати: Халқаро олимпиада ғолиблари келажакда миллиардер бўладими
ASTANA. Kazinform – Олимпиададаги муваффақият боланинг келажагига қай даражада таъсир кўрсатади? Kazinform мухбири ушбу мавзуни мутахассислар билан биргаликда таҳлил қилди.
Олимпиада қандай кўникмаларни шакллантиради?
Яқинда The Economist журналида эълон қилинган «Olympiad Man» мақоласида олимпиада совриндорларининг технология соҳасидаги касбий фаолиятига эътибор қаратилган. Масалан, 1994 йилги Халқаро математика олимпиадаси олтин медали совриндори Ноам Шазир кейинчалик сунъий интеллект соҳасининг етакчи мутахассисларидан бирига айланган. Anthropic компанияси раҳбари Дарио Амодеи ҳам ёшлигида физика олимпиадасига тайёрланган.
Databricks, Cursor, Cognition ва Perplexity компаниялари асосчилари орасида ҳам олимпиадаларда қатнашган мутахассислар бор. Нашр сўнгги 25 йил давомида математика, информатика ва физика олимпиадалари иштирокчиларининг касбий фаолиятини таҳлил қилиб, уларнинг кўпчилиги Google ва Meta каби йирик технология компанияларида ишлаётганини кўрсатган.
Бироқ бу олимпиададаги иштирок ёки ғалаба албатта касбий муваффақиятга олиб келади, дегани эмас. Мутахассисларнинг фикрича, чуқур билим, мустақил фикрлаш ва мураккаб вазифани охиригача бажариш қобилияти сунъий интеллект даврида ҳам илм-фан, ҳам бизнес учун муҳим аҳамиятга эга.
Боланинг келажагини битта фан билан чеклаб қўйиш тўғри эмас
Олимпиадада юқори натижа кўрсатиш боланинг катта ҳаётда муваффақиятга эришишига кафолат бермайди. Немис профессори Арне Гюллих бошчилигидаги тадқиқотчилар 34 мингдан ортиқ таниқли шахсга оид маълумотларни таҳлил қилиб, уларнинг аксарияти ўсмирлик даврида ўз соҳасида етакчи бўлмаганини аниқлаганини таъкидлаш лозим.
Масалан, спортда ёшлигида халқаро даражага эришганларнинг атиги 13 фоизигина катта ёшида ҳам юқори натижаларни сақлаб қолган. 14 ёшгача шахмат бўйича жаҳоннинг энг кучли ўн нафар ўйинчиси қаторига кирганларнинг эса тахминан 89 фоизи кейинчалик бу даражага қайта эриша олмаган.
Таълим соҳаси эксперти, география фанлари магистри Нурбек Ерикўғлининг айтишича, олимпиаданинг асосий қадр-қиммати эришилган натижанинг ўзида эмас.
“Масалан, халқаро олимпиадада иштирок этаётган бола бир масалани беш дақиқада еча олмаса, уни ташлаб қўймайди. Баъзан бир неча соат, ҳатто бир неча кун давомида ўйлайди. Бошқа йўл излайди, хато қилади ва қайтадан бошлайди. Ана шу жараёнда у фақат математика ёки физикани ўрганмаяпти. Бола сабр-тоқатни, чуқур фикрлашни, муаммога турли томондан қарашни ва мустақил қарор қабул қилишни ўрганади”, – деди мутахассис.
Ушбу кўникмаларни шакллантириш учун муайян босқичда бир соҳага чуқур ихтисослашиш зарур бўлса-да, бу боланинг бошқа қобилиятларини чеклаб қўймаслиги керак.
“Олимпиадада юқори натижа кўрсатиш учун муайян даврда бир соҳага чуқур ихтисослашиш зарур. Бироқ мен боланинг бутун келажагини битта фан билан чеклаб қўйиш тўғри деб ҳисобламайман. Бола математика олимпиадасида қатнашиш билан бирга робототехника, дастурлаш, мусиқа ёки гуманитар фанларга ҳам қизиқиши мумкин. Шунинг учун унга ҳар томонлама ривожланиши керак бўлган шахс сифатида қараш лозим”, – деди у.
Давлат мактабларида олимпиада муҳитини шакллантириш керак
Боланинг қобилияти намоён бўлишига тажрибали ўқитувчи, махсус тўгараклар, инглиз тилини билиш ва кучли муҳит таъсир кўрсатади. Спорт дастурлаш федерацияси президенти Бағдвд Мусиннинг айтишича, сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиадада қатнашган ўқувчиларнинг келажакда миллиардер ёки йирик технология компанияси асосчиси бўлиш эҳтимоли 1500 баравар, ушбу соҳада илмий кашфиёт қилиш эҳтимоли эса 4000 баравар юқори.
Бироқ, бундай машғулотлар барча мактабларда мавжуд эмас. Таълим-маориф вазирлигининг Ўрта таълим қўмитаси раиси Қанибек Жумашев халқаро олимпиада учун топшириқларнинг аксарияти инглиз тилида ишлаб чиқилганини ва машғулотлар ҳам шу тилда олиб борилишини, шунингдек, баъзи фанлар бўйича малакали ўқитувчилар етишмаслигини таъкидлади.
Шунга қарамай, юқори натижаларга эришаётганлар орасида оддий давлат мактабларини тамомлаган ўқувчилар ҳам бор. Бу истеъдод мактаб ёки ҳудудга боғлиқ эмаслигини, асосий фарқ эса бола учун яратилган шароитда эканини кўрсатади.
“Оддий давлат мактабларида ҳам жуда қобилиятли болалар бор. Бироқ уларнинг атрофида олимпиадага тайёрлайдиган кучли муҳит бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун энг муҳим вазифалардан бири – давлат мактабларида олимпиада муҳитини шакллантириш”, – деди Нурбек Ерикўғли.
Қишлоқ ўқувчиларининг натижалари ҳам буни тасдиқлайди. 2025-2026 ўқув йилида қишлоқ болалари учун ташкил этилган республика олимпиадасида 125 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашди. Демак, масала истеъдоднинг бор ёки йўқлигида эмас, балки имкониятларнинг ҳамма учун бирдек очиқлигидадир.
Ғолиблар маълумотлар базасини шакллантириш муҳим
Маълумотларга кўра, жорий йилда қозоғистонлик ўқувчилар дунёдаги энг нуфузли еттита халқаро фан олимпиадасининг тўрттасида иштирок этиб, уларнинг ҳар бирида совринли ўринларни эгаллаган. Ҳозирги вақтда миллий терма жамоа ҳисобида 19 та медаль бор. Уларнинг 6 таси олтин, 9 таси кумуш ва 4 таси бронза медалидир.
Умуман, 2025-2026 ўқув йилида Қозоғистон ўқувчилари 44 та халқаро олимпиада ва илмий танловда иштирок этиб, 1059 та медаль ҳамда 57 та махсус мукофотни қўлга киритган. Миллий терма жамоа жамғармасида 201 та олтин, 351 та кумуш ва 507 та бронза медали мавжуд. Бу 2023 йилга нисбатан мукофотлар сони 96 фоизга ошганини кўрсатади.
Жорий йилда олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозларига тўланадиган мукофот пуллари тартиби янгиланди:
I ўрин – 1500 БҲМ (2026 йилда тахминан 6,49 миллион тенге);
II ўрин – 1000 БҲМ (тахминан 4,33 миллион тенге);
III ўрин – 500 БҲМ (тахминан 2,16 миллион тенге).
Мукофот пули нафақат ўқувчиларга, балки уларнинг ўқитувчиларига ҳам берилади. Тўлов миқдори лавозим маошининг базавий миқдорига боғлиқ ҳолда ҳисобланади. Масалан, олтин медаль олган ўқувчининг устозига маошининг 26,5 баравари, кумуш медаль учун 17,5 баравари, бронза медаль учун эса 8,5 баравари миқдорида тўлов белгиланган.
Ушбу мукофотлар бир марталик тартибда, ҳар бир эришилган натижа учун алоҳида тўланади ва фақат жорий йилдаги ютуқлар учун берилади.
Ғолибларга «Болашақ» дастури орқали бакалавриат босқичида таълим олиш имконияти ҳам яратилган. Бироқ олимпиададаги ютуқни боланинг кейинги касбий ривожланиши билан боғлаш муҳим аҳамиятга эга.
Smartestprep таълим маркази асосчиси, таълим соҳаси эксперти Лаура Вайгорова ўқувчиларнинг касбий йўлини узоқ муддат давомида кузатиб бориш зарур, деб ҳисоблайди.
“Биз фақат бугунги медаллар сонини эмас, балки ушбу болаларнинг 5-10 йилдан кейин қаерда бўлишини ҳам билишимиз керак. Шунинг учун олимпиада совриндорларининг ягона узоқ муддатли маълумотлар базаси бўлишини қўллаб-қувватлайман. Бу олимпиада ҳаракатига киритилган сармоянинг аниқ натижаларини баҳолаш имконини беради. Истеъдодли болаларни эртароқ аниқлаш учун эса диагностика, илмий танловлар, хакатонлар ва технологик лойиҳалар каби турли механизмлар керак”, – деди Лаура Вайгорова.
Мутахассиснинг фикрича, иқтидорли болаларни аниқлаш билан бир қаторда, уларнинг илм-фан ва технология соҳаларида ривожланиши учун ҳам шароит яратиш зарур. Бунинг учун медаль қўлга киритилганидан кейин ёш иқтидор эгаларига аниқ имкониятлар тақдим этилиши лозим.
“Университетда тадқиқот олиб бориш учун кичик грантлар, халқаро лабораторияларда стажировка ўташ имконияти, олимлар ва тадбиркорлар томонидан менторлик кўмаги, илк стартап ёки технологик лойиҳани молиялаштириш зарур. «Ёш олим» каби дастурлар билан мактабдаёқ олимпиадада ўз иқтидорини намоён этган ёшлар ўртасида аниқ боғлиқликни йўлга қўйиш керак. Яъни «медаль олган болага мукофот пули бериш» моделидан унинг истеъдодини узоқ муддат давомида ривожлантириш моделига ўтишимиз лозим, – деб ҳисоблайди мутахассис.