Беш йил ичида 1 миллион киши сунъий интеллект бўйича малака ошириши керак – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Яна бир муҳим вазифа – маълумотларни сифатли нусхалаш ва рақамли форматга ўтказишдир. Ҳукуматга маълумотлар тўпламини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш топширилди. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев AIemai халқаро сунъий интеллект марказига ташриф буюрганида маълум қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Давлат раҳбари давлат, бизнес ва сунъий интеллектга қизиқувчи фуқароларга сунъий интеллект моделларини ихтиро қилиш, ўрганиш ва ривожлантириш учун кенг йўл очмоқда.
“KazLLM тил модели бу соҳада пухта ишлашга мисолдир. Биз сунъий интеллектни фикрлашни, таҳлил қилишни ва қозоқ тилида гапиришни ўргатганмиз. Бу муҳим ютуқ рақамли муҳитда қозоқ тилини ривожлантириш учун катта имконият яратади. Бошланган улкан ишни давом эттириш керак. Бизнинг олдимизда бир вақтнинг ўзида ҳар хил турдаги маълумотлардан фойдалана оладиган қозоқ тилининг мультимодаль лингвистик моделини яратиш вазифаси турибди. Ҳукуматга бу борадаги лойиҳаларни молиялаштириш масаласини ишлаб чиқишни топшираман”, – деди Давлат раҳбари.
Президент фуқароларнинг сунъий интеллект соҳасидаги малакасини ошириш зарурлигига эътибор қаратди.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, беш йил ичида 1 миллион кишини сунъий интеллектга ўргатиш вазифасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ўқувчилар, талабалар, давлат хизматчилари ва тадбиркорлар учун дастурни максимал даражада қўллаб-қувватлаш керак.
“СИ технологиялар соҳасидаги маҳаллий ва халқаро таълим дастурлари мамлакатимизнинг кадрлар салоҳиятини оширишга хизмат қилиши мумкин. Ҳукуматга сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича AI-Sana дастурини босқичма-босқич амалга ошириш масаласини кўриб чиқишни топшираман. Ушбу дастур ўрганиш, тадқиқот ва стартапни ривожлантириш жараёнлари учрашадиган динамик экотизимни шакллантиришга ҳисса қўшиши керак. Бунда дунёнинг етакчи университетларининг акселерация тажрибасидан фойдаланган маъқул. Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси сунъий интеллектнинг афзалликларини билиши керак. Бунинг нима учун зарурлигини, ундан тўғри фойдаланишни қунт билан тушунтириш керак”, – деди Президент.
Ҳукуматга фуқароларнинг сунъий интеллектдан ҳар куни фойдаланиш механизмларини жорий этиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
“Қозоғистонда инновациялар ва илғор технологияларни ривожлантиришда етакчи ўринни эгаллаш учун катта имкониятлар мавжуд. Рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш мамлакат барқарор ривожланишининг кафолати бўлиши керак. Биз ана шундай улкан мақсадга эришишга қодирмиз. Мен бунга ишончим комил”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.