Президент матбуот котиби Қозоғистондаги энг узун кўприк қурилиши қачон якунланишини айтди
ASTANА. Kazinform – ҚР Президенти матбуот котиби Берик Уали Қозоғистонда қурилаётган энг узун кўприк қачон қуриб битказилишини маълум қилди.
“Роппа-роса 5 йил аввал, 19 сентябрь куни Президент Қасим-Жомарт Тоқаев твиттер орқали Ҳукумат ва Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимлигига Буқтирма сув омбори устидан кўприк қурилиши учун маблағ ажратиш бўйича топшириқ берган эди. Айни пайтда кўприк қурилиши якунланиш арафасида. Икки вилоят ва 6 туманни боғловчи стратегик объект йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган”, — деб ёзди Президент матбуот котиби ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, ушбу кўприк маҳаллий аҳоли учун узоқ кутилган қувонч ва ажойиб янгилик бўлади. Чунки Шарқий Қозоғистон ва Абай вилоятларининг Марқакўл, Куршим, Катонқарағай ва Кўкпекти туманлари аҳолиси 50 йилдан бери йўл азобини чекиб келади. Ёзда улар паромда, қишда эса муз устида юрадилар. Бир неча кишининг чўкиб кетгани сир эмас. Шунинг учун бу кўприкнинг қурилиши жуда муҳимдир.
“Бу мамлакатдаги энг узун кўприк бўлади. Икки қаторли автомобиль кўпригининг умумий узунлиги 1316 метрни ташкил этади. У кунига 80 000 тагача автомобилни ўтказа олади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 18,6 километр узунликдаги кўприкка туташувчи янги автомобиль йўлини қуриш кўзда тутилган”, — деди Берик Уали.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 сентябрь куни журналист Азамат Қасимнинг «Egemen Qazaqstan» газетасида “Эллик йил аввалги эски паром қачонгача юртни овора қилади?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Ушбу мақола кўприк қурилишига асос бўлди.