Бенну астероидидан тупроқ олиб кетаётган капсула Ерга қўнди

Бенну астероидидан тупроқ олиб кетаётган капсула Ерга қўнди
Фото: NASA

Етти йил олдин Бенну астероидини ўрганиш учун махсус ишга туширилган зонд Ер юзасига капсула юборди. Капсула АҚШнинг Юта штатига қўнди. Унда Бенну сатҳидан олинган тупроқ бор, деб хабар беради Kazinform Euronewsга таяниб.

Osiris-Rex зонди капсулани 102 минг километр масофадан бу ерга учирди. Тупроқ намуналари 2020 йил октябрь ойида олинган. Астероид юзасида Ер яратилишидан олдин ва ҳатто Қуёш тизими туғилишидан олдин ҳосил бўлган материал мавжуд деб ишонилади.

Капсула ичидаги 250 грамм тупроқни ўрганиш учун махсус лаборатория жиҳозланган. У ерда 200 га яқин олим 60 хил усулда тадқиқот олиб боради.

Osiris-Rex эса бошқа астероидни кашф этиш учун саёҳатини давом эттиради.

NASA хабар беришича, капсула 3,86 миллиард мил йўл босиб ўтган.

DW маълумотларига кўра, иссиққа чидамли қобиқ билан ҳимояланган, оғирлиги тахминан 46 кг, диаметри 81 см бўлган капсула кутилганидан уч дақиқа олдин қўнган.

Сўнгги 13 дақиқада у Ер атмосфераси бўйлаб 44 000 км/соат тезликда учиб ўтди.

Диаметри 550 метр бўлган Бенну астероиди Ерга яқин орбитаси, астероиднинг ўлчами ва унда бўлиши мумкин бўлган материаллар туфайли танланган.

NASA мутахассислари уни Ер учун энг хавфли астероид деб ҳисобламоқда. У яқин 150 йил ичида Ерга яқинлашиши мумкин.

2016 йил сентябрида оғирлиги 2100 кг ва узунлиги 6 метр бўлган OSIRIS-Rex учувчисиз космик кемаси Канаверал бурнидан учирилган ва 2018 йил декабрда самовий жисмга етиб келган.

Кейин у тупроқ намунасини олиш учун жой қидира бошлади.

2020 йил октябрь ойи охирида NASA Бенну астероидидан чанг ва тупроқ намуналарини муваффақиятли олганини эълон қилди.

Бенну астероидидаги тупроқ - Американинг Аполлон дастуридан кейин коинотдан Ерга олиб келинган энг катта, энг муҳим намуна ҳисобланади.

Лойиҳанинг қиймати тахминан 800 миллион долларни (750 миллион евро) ташкил этади.

Сўнгги хабарлар
telegram