Белград ва Астана ўз минтақасидаги муҳим марказларга айланмоқда - Весна Видович

«Икки давлат ўртасида ҳал этилмаган муаммолар йўқ. Биз юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада ривожлантиришдан, икки томонлама ҳамкорликни, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Биз Қозоғистоннинг мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. 2016 йилда Астана ва Белград ўртасида ҳамкорлик протоколи имзоланган эди. Ўшандан бери кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Астанада машҳур олимимиз Никол Тесланинг кўчаси бор. Белградда буюк шоир Жамбил Жабаев ҳайкали ўрнатилди. ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмасида Сербия Республикаси ўз павильонига эга бўлди ва Белград 2027 йилда ихтисослаштирилган кўргазмага мезбонлик қилади. Бу борада ташкилий тажрибангиз билан ўртоқлашасиз деган умиддамиз. Ўз навбатида, сизлар билан Белградда учрашишни интиқлик билан кутамиз», — деди Весна Видович пойтахтда ўтказилаётган Астананинг қардош шаҳарлари форумида.
Хорижлик меҳмоннинг сўзларига кўра, Белград ва Астана сўнгги йилларда иқтисодий жиҳатдан юксалиб, жадал ривожланмоқда.
«Шаҳарларимиз ўз минтақасида муҳим марказга айланмоқда. Кейинги йилларда ҳар иккала шаҳар ҳам фаровонлик ва модернизация тимсолига айланди. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз келажакда янада ривожланади. Бугунги форум ўзаро тажриба алмашиш, шаҳарларни ободонлаштириш бўйича янги ғоя ва моделларни жорий этишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, у шахсий алоқалар ва яхши муносабатлар ўрнатишга ёрдам беради. Чунки шаҳарларни биринчи навбатда одамлар қуради. Астана шаҳрини 25 йиллиги билан табриклайман. Президентга, ҳокимга, шунингдек, барча қозоғистонликларга бахт ва муваффақиятлар тилайман», — дея қўшимча қилди Белград мэри ўринбосари.
Муаллиф: Даулет Изтилеу