Беларусь июль ойида бўлиб ўтадиган саммитда ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланади

Беларусь станет полноправным членом ШОС на саммите в июле
Фото: Белта

Беларусь июль ойида Астанада бўлиб ўтадиган ташкилот саммитида ШҲТга тўлақонли аъзо бўлади, деб хабар беради Kazinform Белта агентлигига таяниб.

Бу ҳақда ШҲТ Бош котиби Чжан Мин Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “Янги шароитларда ШҲТнинг роли: умумжаҳон хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” форумида айтиб ўтди.

Чжан Мин ташкилот аъзолари сони ортиб бораётганини таъкидлади.

“Кейинги ой Астанада бўлиб ўтадиган саммитда Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиши тўғрисида қарор қабул қилинади ва шу тариқа аъзо давлатлар сони икки рақамли тарихий ютуқга эришади”, – деди у.

ШҲТ Бош котиби, шунингдек, “20 йилдан ортиқ ривожланиш даврида тузилма давлат раҳбарлари учрашувларининг минтақавий механизмидан энг йирик, кенг қамровли халқаро ташкилотга айлангани”га эътибор қаратди.

Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида гапирар экан, Чжан Мин ШҲТ нафақат сиёсат, дипломатия, тинчлик, тараққиёт, хавфсизлик каби “юқори даражадаги” вазифаларга, балки туризм, спорт, чиқиндиларни утилизация қилиш каби “халққа яқин” мавзуларга ҳам эътибор қаратаётганини таъкидлади.

“Юқорида эришилган ютуқлар Шанхай руҳи умумий манфаатларга, ташкилотнинг хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлашдан иборат асл мақсадига мос келишининг ишончли далилидир ва ШҲТ ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади”, – деб ҳисоблайди у.

5 июнь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг 19-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон томони раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилди. Унинг ишида 10 мамлакатдан 40 дан ортиқ экспертлар, жумладан ШҲТга аъзо давлатларнинг миллий тадқиқот марказлари вакиллик делегацияси, кузатувчи давлатлар мутахассислари ва мулоқот бўйича ҳамкорлар, шунингдек, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси раҳбарияти иштирок этди.

Сўнгги хабарлар