13:18, 16 Февраль 2022 | GMT +5
Бельгия 4 кунлик иш ҳафтасига ўтишни маъқуллади
NUR-SULTAN. Kazinform – Бельгияда ҳукумат меҳнат ислоҳоти бўйича келишувни маъқуллади. Ходимлар 4 кунлик иш ҳафтасини танлашлари мумкин. Бу ҳақда ЎзА ўз саҳифасида ёзган, деб хабар беради Kazinform.

Le Soir портали маълумотларига кўра, лойиҳа иш жадвали, ўқитиш, иш ўринларини ўтказиш, шунингдек, рақамли иқтисодиёт масалалари каби соҳаларни қамраб олади.
Ислоҳот ходимларга 4 кунлик иш ҳафтасини олиш ва уч кунлик дам олиш билан кўпроқ ишлаш имконини беради. Бундай ҳолда, ҳафталик иш соатларининг умумий сони 5 кунлик ва 4 кунлик жадваллар учун бир хил бўлиши керак.
Бундан ташқари, мамлакатда иш ҳафтасини узайтириш ва қисқартириш имкониятларини қонун билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
Бош вазир Александр де Кроннинг сўзларига кўра, ислоҳот қонунчиликни замонавий воқеликлар ва сўнгги ўзгаришларга, жумладан, коронавирус пандемияси сабаб бўлган ўзгаришларга мослаштириши керак.