Бектенов ва Давиташвили савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Қозоғистон-Грузия Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 12-мажлисида иштирок этиш учун Астанага ташриф буюрган Грузия Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили билан учрашди.

Бектенов ва Давиташвили савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар
Фото: ҚР Ҳукумати

Транспорт-логистика, агросаноат мажмуаси, энергетика, туризм, авиация саноати соҳаларида ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Грузия Қозоғистоннинг Жанубий Кавказдаги муҳим ва ишончли ҳамкоридир. Жорий йилнинг биринчи чорагида грузиялик сармоядорлар Қозоғистон иқтисодиётига 88,5 миллион доллар сармоя киритдилар, 10 йил давомида киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 500 миллион доллардан ошди.

Томонлар транзит-транспорт соҳаси истиқболларига эътибор қаратдилар. Ҳар икки давлат ҳудуди орқали Европадан Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёга энг қисқа йўллар – йирик трансконтинентал транспорт йўлаклари ўтади.

“Қозоғистон ва Грузия Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур йўналиш бўйича юкларни ташиш ўтган йили 65 фоизга, жорий йилнинг 8 ойида эса 69 фоизга ошиб, 2,9 миллион тоннани ташкил этди. Давлат раҳбари Ўрта йўлакни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда, биз ушбу йўналиш бўйлаб ташиш ҳажмини 10 миллион тоннага етказмоқчимиз. Шу мақсадда Ҳукумат транзит ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрмоқда”, - деди Олжас Бектенов.

ҚР Бош вазири рақобатбардош тариф шартларини ўрнатиш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, жумладан, Боку-Тбилиси-Карс линияси бўйлаб ташиш ҳажмини ошириш бўйича қўшма ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, халқаро ташувчилар учун мазкур йўналишнинг жозибадорлигини оширадиган транспорт йўлагини фаол рақамлаштириш зарурати белгиланди.

Ўз навбатида, Леван Давиташвили Қозоғистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлаб, шу билан бирга икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлашда Ҳукуматлараро комиссиянинг алоҳида ролини қайд этди.

Учрашув иштирокчилари савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича кўп режали ишларни давом эттириш ниятида эканликларини тасдиқладилар.

Сўнгги хабарлар