Банклар тўғрисида янги қонун керак – ҚР Президенти

банк
Фото: freepik

ASTANA. Kazinform – Биз республика бюджетининг даромад қисмини бажармаяпмиз. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасини эълон қилиш чоғида айтиб ўтди.

“Пул-кредит сиёсати ва фискал сиёсат ўртасидаги номувофиқликни бартараф этиш зарур. Очиғини айтишимиз керакки, реал секторга кредитлар ҳали ҳам тўғри йўлга қўйилмаяпти. Кичик ва ўрта бизнесни етарли даражада молиялаштириш муаммоси ҳал этилмаган. Бу ҳолат мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити фаоллигига, иқтисодиётнинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Ҳукумат ва Миллий банк биргаликда бу борада мақбул эчимларни ўйлаб кўришлари керак. Банклар иқтисодиётга кўпроқ пул киритишлари учун шароит яратиш керак”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, халқаро экспертлар Қозоғистон банкларини ресурсларга бой давлатлар орасида энг даромадли банклар тоифасига киритмоқда. Шунинг учун бу соҳада солиқ миқдори адолатли белгиланиши керак. Банк акциядорлари ўзларининг дивидендларига мувофиқ солиқ тўлашлари керак.

“Давлатнинг банкларга кўрсатаётган ёрдамига назар ташлайдиган бўлсак, бу жуда ўринли позиция. Рақамли активларнинг айланишини таъминлаш ва хавфсизлик талабига мувофиқ банк соҳасига инновацияларни жорий этиш учун барқарор тартибга солиш механизмларига эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Бизга янги банк қонуни керак. Ушбу ҳужжатда иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва финтеч саноатини жадал ривожлантириш каби долзарб масалалар ҳал этилиши керак. Амалдаги қонун бундан 30 йил аввал қабул қилинган. Ўшанда замонлар бутунлай бошқача эди. Очиғини айтишимиз керакки, республика бюджетининг даромад қисми бажарилмаяпти. Бу аввалги ва амалдаги Ҳукумат фаолиятидаги катта бўшлиқ. Бундай ҳолат тез-тез такрорланса, бу охир-оқибатда мамлакат ривожига тўсқинлик қилади. Шунинг учун бунга йўл қўймаслик керак. Бюджет маблағларидан унумли фойдаланиш, унинг сарфланишини чеклаш ва қатъий назоратда ушлаб туриш зарур. Ҳукумат Миллий банк билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар кўриши керак”, – деди Президент.

Сўнгги хабарлар
telegram