Бақитжан Сағинтаев ШҲТ Бош котиби Чжан Мин билан музокаралар ўтказди
ASTANA. Kazinform - Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Бақитжан Сағинтаев ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Бош котиби Чжан Мин 3 июль куни Астана шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар чоғида келгусидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Томонлар Евросиё иқтисодий иттифоқи ва ШҲТ котибияти ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми доирасида Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ва ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Суҳбат чоғида Бақитжан Сағинтаев ҳозирда Меморандумни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини тайёрлаш якунланаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан ЕИК ҳайъати раиси ҳужжат имзоланишини жорий йилнинг кузида Арманистонда бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий форуми доирасида ташкил этишни таклиф қилди.
ЕОИИ – ШҲТ форматида келгусида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида гапирар экан, ЕИК ҳайъати раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларининг халқаро транспорт йўлакларини, мультимодал ва контейнер ташувларини, юк ташишни рақамлаштиришни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан, қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишни жадаллаштириш мақсадида Бақитжан Сағинтаев яқин вақт ичида ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирлари ва ЕОИИ давлатлари транспорт соҳасидаги ваколатли органлар раҳбарлари кенгашининг қўшма мажлисини ўтказишни таклиф қилди.
Томонлар, шунингдек, ШҲТ штаб-квартирасида “ЕОИИ кунлари”ни ўтказиш бўйича ЕИК ташаббусини кўриб чиқдилар.
Ўз навбатида Чжан Мин замонавий жаҳон архитектурасида ШҲТ ва ЕОИИ ўртасидаги ўзаро таъсир омили тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Иқтисодий масалалар бўйича амалий тажриба алмашишга урғу берилган интеграцион мулоқот Катта Евроосиё ривожланиши учун қулай ва башорат қилинадиган шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган.