Баҳорги сув тошқинлари: Қозоғистонда 2,5 мингдан ортиқ уй-жой қурилиши якунланди
ASTANА. Кazinform - Жорий йилда Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида сув тошқинлари содир бўлган бўлиб, бугунги кунда ваколатли идоралар томонидан оқибатлари бартараф этилиб, тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
“Республиканинг 10 та ҳудудида сув тошқинлари содир бўлди, натижада 224 та аҳоли пункти ва 17 603 та турар жой биноси зарар кўрди. Барча шикастланган бинолар кўздан кечирилди. Унинг хулосасига кўра, 9156 та уй таъмирланган, 8447 та уй қайта тикланишга яроқсиз деб топилди. Шу тариқа бозордан 5 минг 767 та уй ва хонадон харид қилинди. Шу билан бирга, 2 минг 680 янги уй-жой қурилиши бошланди. Янги уйларни қуришда сув тошқинлари олдини олиш мақсадида ҳудуднинг рельефи ва ландшафти ҳисобга олинди. Бугунги кунда 2576 та уй-жой қурилиши ниҳоясига етказилди. Қурилиш ишлари май ойининг охирида бошланиб, 4 ойда якунланди”, — деди ҚР Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев Ҳукумат йиғилишида.
Қайд этиш жоизки, мазкур вазирлик ҳузурида қурилиш ишларини рақамли воситалар ёрдамида ҳар куни кузатиб бориш учун вазият маркази ташкил этилган.
“Бундан ташқари, қурилиш ишларининг бориши ва сифатини назорат қилиш мақсадида вазирлик ва сув тошқинларидан жабр кўрмаган вилоятлар ходимлари ҳар бир ҳудуддаги қурилиш объектларига хизмат сафарига жўнатилди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг “Ижтимоий ёрдам” ахборот тизими компенсация тўлаш бўйича мурожаатларни қабул қилиш ва ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшди. Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан қисқа муддатда мобил иловалар орқали етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ариза бериш ташкил этилди ва тегишли ҳужжатлар бўлмаган тақдирда ҳам ариза бериш имконияти кўриб чиқилди”, — деди вазир.