БААга Қозоғистон қўй гўшти экспорти ҳажми икки баробарга ошди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон товарлари БАА бозорида оммалашмоқда, деб хабар беради Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги.
Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев Дубайдаги ЭКСПО 2020 кўргазмасидаги Қозоғистон Миллий павильонида БАА ташқи савдо бўйича давлат вазири Тани бин Аҳмад Ал Зайудий билан учрашди. Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари: савдо, қўшма лойиҳалар ва логистика масалаларини муҳокама қилдилар.
Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, БАА бозорида талаб ортиб бораётган маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратилди. Арман Шаққалиев Қозоғистон органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, БААда аллақачон эътироф этилган совутилган қўй гўшти етказиб беришга тайёрлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Қозоғистон юқори сифатли ун, кунгабоқар ёғи, қандолат ва сут маҳсулотларини экспорт қилишга тайёр.
“2024 йилнинг 10 ойи давомида 13,3 минг тонна қйў гўшти экспорти 45,3 миллион долларга етди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳажмлар икки баравар, экспорт тушуми эса 64 фоизга ошди”, – деди вазир.
“Биз маҳсулотларни ҳалол стандартлари бўйича сертификатлашни фаол ривожлантирмоқдамиз. 2014 йилдан буён 1800 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий компаниялар сертификатланган бўлиб, бу Қозоғистон маҳсулотларининг юқори сифати ва халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқлайди”, – дея таъкидлади Арман Шаққалиев.
Учрашувда «QazTrade» АЖ бош директори Женис Ўсербай Қозоғистоннинг экспорт салоҳиятини тақдим этди ва БАА бозорига киришнинг асосий йўналишларини тақдим этди. У маҳсулотларни аккредитация қилиш, сертификатлаш ва маркалаш масалаларида маҳаллий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Gulfood ва ADIPEC каби йирик халқаро кўргазмаларда иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Қозоғистон товарларининг БАА чакана савдо тармоқларига, жумладан LuLu ва Grandioseга кириши муҳокама қилинди.
БАА ташқи савдо бўйича давлат вазири маҳсулотларни самарали тарғиб қилиш ва маҳаллий истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда доимий ваколатхоналар сифатида савдо уйларини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув доирасида Қозоғистон маҳсулотлари, жумладан, қўй гўшти, қандолат ва олмалардан дегустация ташкил этилиб, сифати ва таъми меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.