«Айбын-2023» IХ халқаро ҳарбий-ватанпарвар ёшлар йиғини якунланди

Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Қарағанди вилояти ҳокими Ермағанбет Болекпаев, Таълим-маориф вазири ўринбосари Айбат Илясов, Озарбайжоннинг Қозоғистондаги ҳарбий атташеси, полковник Заур Керимов, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги вакили, полковник Назим Воҳидўғли Аббосов, Ўзбекистон «Ватан таянчи» ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати раҳбари Бахром Зулфиқоров, Қарағанди вилояти «Намыс» озарбайжон маданият маркази раиси Гюлага Рзаев, Қозоғистон Қуролли Кучлари фахрийлари йиғиннинг ёпилиш маросимида иштирок этди.
Йиғин иштирокчиларини Қозоғистон Мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов мусобақанинг муваффақиятли якунлангани билан табриклади. Қардош Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари билан тотувлик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган дўстона қўшничилик муносабатлари муҳимлигини таъкидлади.
– Ҳарбий-ватанпарвар ёшларнинг IХ халқаро йиғини тинчликсевар халқларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга интилишини яққол намоён этди, – деди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги раҳбари.
Ҳарбий-амалий спорт турлари, интеллектуал ва ижодий беллашувларда 700 нафардан зиёд ўғил-қиздан иборат 43 жамоа иштирок этди.
Йиғин якунларига кўра, учинчи ўринни Озарбайжон, иккинчи ўринни Ўзбекистон, биринчи ўринни Қозоғистон эгаллади.
Астана шаҳридаги Мудофаа вазирлиги Сағадат Нурмағамбетов номидаги ҳарбий коллеж жамоаси «Айбын» IХ халқаро ҳарбий-ватанпарварлик ёшлар йиғинининг Гран-присини қўлга киритди ва мутлақ чемпиони бўлди. Улар республика ҳарбий таълим муассасалари номинациясида ҳам энг яхши деб топилди.
Вилоят иштирокчилари ўртасида Қизилўрда вилоятининг «Сыр айбыны» ҳарбий-ватанпарварлик клуби жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Қуролли кучлар, бошқа қўшин ва ҳарбий қисмларнинг ҳарбий-ватанпарварлик клублари ўртасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Жас ұлан» жамоаси энг яхши деб топилди.
«Шарқ» ҳудудий қўмондонлигининг «Ёш разведкачи» ҳарбий-ватанпарварлик клуби ўқувчиси Мейиржон Темиржонов «Энг яхши ёш аскар» номинацияси кубогини қўлга киритди.
Мусобақа ғолиблари кубок, медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Маросим сўнгида «Айбын-2023» байроғи Сағадат Нурмағамбетов номидаги ҳарбий коллеж жамоаси сардорига топширилди.


