Австрияда ўғрилар олтин тишлар учун 180 га яқин қабрни қазиб, талон-торож қилган

ASTANA. Kazinform — Австриянинг Қуйи Австрия ҳудудидаги 18 та қабристонда номаълум шахслар 180 га яқин қабрни қазиб, олтин тишлар ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган. Жиноий ҳаракатлар 2025 йил апрель ойидан 2026 йил апрель ойигача давом этган. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг махсус мухбири Австриянинг Heute нашри ва маҳаллий полицияга таяниб хабар берди.

Около 180 могил из-за золотых зубов умерших вскрыли в Австрии 
Фото: heute.at

Австрия оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, жиноятчилар марҳумлар ётган қабрларнинг оғир тош қопламаларини суриб, тобутларни очган ёки бузган, сўнг марҳумларнинг суякларини текширган.

Айрим қабрларда марҳумларнинг тишларини суғуриб олишган, ҳатто пастки жағ суякларини ҳам синдиришган. Жиноят изларини яшириш мақсадида оғир тош плиталарни қайта жойига қўйишгани сабабли, баъзи қабрлар очилгани фақат бир неча ҳафта ўтгач аниқланган.

Полиция қабрларни таҳқирлаш, уларга бузиб кириш ва ўғрилик ҳолатлари бўйича тергов олиб бормоқда. Терговчилар жиноятни бир неча кишидан иборат гуруҳ содир этган, деб ҳисобламоқда. Чунки оғир қабр тошлари ва жуда оғир тобутларни бир кишининг силжитиши ёки очиши қийин. Ҳозирча гумонланувчилар аниқланмаган, далиллар ҳам кам.

Жиноий ҳаракатлар 2024 йилда Вена ва Бургенланднинг шимолий қисмида бошланиб, кейинчалик Қуйи Австриягача тарқалган. Корнойбургда ўнлаб мақбаралар шикастланган бўлса, Гросвайкерсдорфда 50 га яқин қабр очилган. Жиноятчилар муайян диний жамоа ёки ижтимоий гуруҳга мансуб шахсларнинг қабрларинигина нишонга олмаган.

Марҳумларнинг яқинлари учун бу воқеа оғир зарба бўлди. Айримлар қариндошларининг қабрларини ўзлари текширган бўлса, бошқалар етказилган зарарни аниқлаш учун мақбараларни ўз маблағлари ҳисобидан очтирган. Полиция ўғрилик ҳолатларини исботлаш осон эмаслигини таъкидлади. Чунки марҳумларнинг қариндошлари уларнинг олтин тишлари бўлганини ёки тобутга қимматбаҳо буюмлар қўйилганини ҳар доим ҳам билавермайди.