Австралиядаги ўрмон ёнғинларида юзлаб ҳайвонлар ҳалок бўлди
Батерст шаҳри шимолидаги ёнғинда иккита уй ва бешта хўжалик биноси ёниб кетган, 400 қўй ва 300 қорамол нобуд бўлган. Ёнғинлар майдони 15,7 минг гектарни ташкил этди.
Қишлоқ ёнғин хавфсизлиги бўлими яқин кунларда, айниқса, Пирамул ва Харгрейвс ҳудудларида бир неча юзта уй ёнғин хавфи остида бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Зарарни баҳолаш гуруҳлари ўрмон ёнғинларидаги зарарларни ҳисоблашади. Ёнғинни ўчиришга 14 самолёт ва 200 нафар ўт ўчирувчи жалб этилган. Тамбарура ва Харгрейвс ҳудудларидаги уйлар ва корхоналар электр энергиясидан узилган. Қишлоқ ёнғин хавфсизлиги хизматининг таъкидлашича, ўт ўчирувчилар ўнлаб уйларни ёнғиндан ҳимоя қилишда катта ишларни амалга оширган.
Ўт ўчириш бошқармаси матбуот котиби Анжела Берфорднинг таъкидлашича, шароит яхшиланганига қарамай, вазият ҳануз хавфли, чунки «ёнғин ҳали ҳам ўчирилгани йўқ».
Хабар қилинишича, аланга шарққа, Crudine Ridge Wind Farm шамол станцияси томон ёйилмоқда.
Душанба куни Австралия метеорология бюроси (ВОМ) иссиқ ва қуруқ об-ҳаво Янги Жанубий Уэльснинг шарқи ва шимолида катта ёнғин хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Аввал хабар қилинганидек, Австралиядаги энг даҳшатли табиий офатлардан бири бўлган 2019-2020 йиллардаги қора ёз ёнғинларида камида 33 киши ва 3 миллиардга яқин ҳайвон ва қуш ҳалок бўлган.
Фото: www.abc.net.au