Австралия Афғонистондаги уруш пайтида 39 кишининг ўлимига алоқадор офицерларни медалларидан маҳрум қилади
Ҳисоботда айтилишича, Австралия Қуролли кучларининг бир неча амалдаги ва собиқ офицерлари Афғонистонда ҳарбий жиноятларда иштирок этганликда айбланиб, “Буюк хизматлари учун” медалларидан маҳрум этилади. Марлеснинг таъкидлашича, у мукофотлари тергов мавзуси бўлганларга ёзган ва уларни Бреретон ҳисоботи тавсиялари асосида қабул қилинган қарорлар ҳақида хабардор қилган.
Вазирнинг таъкидлашича, Австралиянинг Афғонистондаги ҳарбий жиноятлари бўйича жиноий тергов давом этмоқда ва айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин, гарчи жараён йиллар давом этиши мумкин.
Текширув натижалари тўғрисида камида 15 нафар ходимга хатлар юборилган, аммо улардан 10 дан камроғи ўз мукофотларидан маҳрум бўлади. Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, ҳарбий жиноятларда айбланаётганларнинг ўзлари эмас, раҳбарлигида жиноят содир этилган қўмондонлар жазоланади.
Австралия қўшинлари 2001 йилда Афғонистонга киритилган, 1500 га яқин аскар Урузган провинцияси, Тарин Кот шаҳридаги базада жойлашган. База 2013 йил декабрида ёпилди ва ҳарбийлар Австралияга қайтди.
Махсус кучлар аскарлари томонидан содир этилган уруш жиноятлари бўйича тергов 2016 йилда бошланган. Унда 39 та қотиллик ва 2 та шафқатсиз муомала ҳолатлари аниқланган, бунинг натижасида 25 нафар ҳарбий хизматчига нисбатан айбловлар қўйилган.