Атирау вилоятида сабзавотлар ўтган йилга нисбатан эрта пишди

ATYRAÝ. Kazinform – Бу йил Атирау вилоятида сабзавот ва боғ маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан икки ҳафта эрта пишди. Кўп фермер хўжаликлар сабзавот йиғиб олишга киришди. Бунга минтақадаги қулай об-ҳаво сабаб бўлди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Бугун ширин қалампир, карам, бодринг ва лавлагининг биринчи ҳосили йиғиб олинди. Бу маҳаллий бозорда сабзавот нархини тартибга солиш ва импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини чеклаш имконини беради. Сабзавотлар иссиқ баҳор туфайли эрта пишди. Бу йил апрель ойининг ўрталарида экдик. Сабзавотлардан ташқари қовун ва тарвузлар ҳам пишиб, ундан кейин эртапишар картошка навлари етишиб чиқди. Картошкани июль ойидан йиғиб олишни режалаштирганмиз», – дейди «Дастан» фермер хўжалиги агрономи Бахадур Саитов.

Унга кўра, баҳор бошида 160 гектар майдонга 12 хил бошоқли дон экинлари экилган. Умуман олганда, Махамбет туманида 120 дан ортиқ фермер хўжалиги ва ёрдамчи хўжалик мавжуд бўлиб, уларда асосан сабзавот ва боғ экинлари етиштирилади. Бу йил улар 4800 гектар майдонга экин экишди. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳудуднинг иқлим шароитини ҳисобга олсак, деҳқончилик осон эмас. Бундан ташқари, суғориш фақат механик равишда амалга оширилади. Шу билан бирга, давлат сув истеъмолининг 85 фоизини субсидиялайди.

«Давлат томонидан инвестиция субсидиялари берилади. Жумладан, суғориш, томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш, гербицидлар, уруғлик ва ўғитлар харид қилиш харажатлари қопланади. 23 фермер хўжалигига 135 миллион тенге миқдорида инвестиция субсидиялари ажратилди», – дейди Махамбет тумани тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси Азат Қапанов.

Ҳозир 40 тоннага яқин маҳсулот йиғиб олинди. Баҳорги дала ишлари ва ўрим-йиғим учун давлат томонидан имтиёзли нархда 800 тонна дизель ёқилғиси ажратилди. Бу фермерларнинг зарарини камайтириш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини барқарорлаштиришга қаратилган.

Муаллиф: Виктор Сутягин


Сўнгги хабарлар