Астанадаги спорт саройлари халқаро мусобақаларни қабул қилиш имкониятига эга - Мариус Визер

ASTANА. Кazinform - Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Президенти Мариус Визер Астана шаҳридаги спорт иншоотларида бўлиб, ишларнинг бориши билан танишди.

Мариус Визер
Фото: ҚР Туризм ва спорт вазирлиги

Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Мариус Визер дастлаб 2019 йилда фойдаланишга топширилган Жақсилиқ Ушкемпиров номидаги жанг санъатлари саройига ташриф буюрди.

Жанг санъатлари саройи кураш (юнон-рум, эркин, аёллар кураши, дзюдо, каратэ, таэквондо, аралаш яккакурашлар) бўйича халқаро мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга ноёб спорт мажмуасидир.

IJF раҳбари қурилиши 2025 йил охиригача якунланадиган Миллий спорт университети қурилиши билан ҳам танишди.

Бундан ташқари, фахрий меҳмон ёш полвонлар ва қозоғистонлик таниқли спортчилар билан учрашди. Улар орасида Париж Олимпиадаси бронза медали совриндори Ғусман Қирғизбаев, Париж Паралимпия ўйинлари чемпиони Ақмарал Науатбек, жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори Абиба Абужақинова, 2009 йилги жаҳон чемпиони Максим Раков бор. Учрашувда Қозоғистонда дзюдо спортини ривожлантириш ва халқаро майдонга чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

“Астанага келганимдан ва сизлар билан учрашганимдан хурсандман. Бугун мен бир нечта спорт мажмуаларида бўлдим, ажойиб спорт инфратузилмалари билан танишдим. Бу иншоотларнинг ҳар бири халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга. Астанада қурилаётган Миллий спорт университети қурилишини ҳам кўрдим. Шубҳасиз, ноёб таълим муассасаси Қозоғистонда спорт соҳасида мутахассисларни тайёрлашда муҳим рол ўйнайди”, — деди Визер.

Сўнгги хабарлар