Астанадаги Осиё чемпионатида Қозоғистон шарафини ким ҳимоя қилади

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон кураш федерацияси Бош котиби Димаш Султанов Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида Қозоғистон шарафини ҳимоя қиладиган тажрибали курашчилар номини айтди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Қозоғистон ушбу чемпионатга курашнинг ҳар уч туридан тўлиқ таркибни қўшмоқчи. Улар орасида халқаро майдонларда ўзини бир неча бор кўрсатган машҳур спортчиларимиз ҳам бор. Юнон-рум курашидан Нурсултан Турсинов, Демеу Жадираев, Алмат Кебиспаев, эркин кураш бўйича Жаҳон чемпионатининг амалдаги бронза медали совриндори Азамат Даулетбеков, аёллар ўртасида Жамила Бақбергенова, Эльмира Сиздиқова. Уларнинг барчаси - жуда тажрибали спортчилар. Шунингдек, Алимхан Сиздиқов юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпиони унвонини ҳимоя қилади. У ўтган йили Мўғулистонда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб чиққан. Умуман олганда, жамоалар бугундан келишни бошлади. Халқаро кураш федерациялари вакиллари ҳам келяпти. Барчангизни 9 апрель куни соат 17:00 да очилиш маросимига таклиф қиламиз», - деди Димаш Султанов.

Спорт ва жисмоний тарбия қўмитаси раиси ўринбосари Айгул Бектенованинг айтишича, аёллар жамоасида Елена Шалгина иштирок этади.

Унга кўра, мусобақада Қозоғистон шарафини ҳимоя қиладиган 30 нафар спортчининг ўртача ёши юнон-рум кураши бўйича 29 ёшни, аёллар кураши бўйича 25 ёшни ва эркин кураш бўйича эса 24 ёшни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 9-14 апрель кунлари Астана шаҳрида юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича 36-чи Осиё чемпионатида қитъамизнинг 24 давлатидан 300 нафардан ортиқ полвонлар иштирок этади.

Аввал хабар берганимиздек, Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган курашчиларнинг мураббийларига ҳам пул мукофотлари топширилади.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай

Сўнгги хабарлар
telegram