Астанадаги бокс мусобақасида Олимпиада чемпионлари ва совриндорлари чиқиш қилади

Астанадаги бокс мусобақасида Олимпиада чемпионлари ва совриндорлари чиқиш қилади
Фото: boxingkazakhstan

15 декабрь куни Қозоғистон пойтахтида илк бор бокс бўйича “Чемпионлар кечаси IBА” – «Astana Arlans» турнири бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform.

Қозоғистон Республикаси бокс федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, кеча давомида маҳаллий боксчилар иштирокида 8 та қизиқарли жанг ташкил этилади. Ҳар бир жанг 6 раунддан иборат.

Оқшомнинг асосий жангида – 71 кг вазнда Рио Олимпиадаси чемпиони, 2013 йилги жаҳон чемпиони Данияр Елеусинов (11-0, КО 6) Жанубий Африка Республикаси вакили Жабулани Макхенсе (14-2, КО 7) билан жанг қилади. Елеусинов бунгача 2015 йилда майдонга тушганди. Макхенсе эса илк бор хорижий давлатда беллашади.

Асосий жанг олдидан эса 80 кг вазн тоифасида 2019 йилги жаҳон чемпиони, Токио Олимпиадаси иштирокчиси Бекзат Нурдаулетов (6-0, 2 КО) россиялик енгилмас спортчи Никита Зон (7-0-1, КО 5) билан учрашади. 67 кг вазнда 2023 йилги жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Дулат Бекбауов 2019 йилги Европа ўйинлари кумуш медали совриндори, WBA бўйича биринчи ўрта вазн тоифасида 10-ўринни эгаллаб турган Харитон Агрба (12:0, КО 8) билан жанг қилади.

Қозоғистон Республикасининг 2022 йил чемпиони, 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида 2023 йилги Осиё вице-чемпиони Ерасил Жақпеков 80 кг ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати кумуш медали совриндори (19-22 ёш), голландиялик боксчи Градус Клаус билан куч синашади.

Бу йилги жаҳон чемпиони, 2022 йилги Осиё чемпиони Асланбек Шимбергенов 71 килограмм вазнда мексикалик Хосе Мигель Боррего (20-4, КО 17) билан куч синашади.

2021 йилги жаҳон чемпионати финалчиси ва 2022 йилги Осиё чемпионати кумуш медали совриндори Серик Темиржанов 63,5 килограмм вазнда Сербия шарафини ҳимоя қилаётган россиялик боксчи Павел Фёдоров (3:0, КО 1) билан тўқнаш келади.

2023 йилги жаҳон чемпиони, 2021 йилги жаҳон чемпионати финалчиси Махмуд Сабирхан 57 килограмм вазнда кубалик Освальдо Диас билан учрашади.

Турнир энг энгил вазнда жаҳон чемпиони Санжар Ташкенбай ва 51 килограмм вазнда икки карра Осиё чемпиони, Ўзбекистон спортчиси Нодиржон Мирзааҳмедов ўртасидаги жанг билан бошланади.

Қозоғистонда бокс учрашувини Qazsport, Россияда эса “Матч ТВ” телеканали жонли эфирда намойиш этади.

Сўнгги хабарлар