Астанада V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг юбилей почта маркаси тақдимоти бўлиб ўтди

ойын
Фото: Ағибай Аяпбергенов/Kazinform

АСТАНА. КАЗИНФОРМ - Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш дирекцияси ва “Қазпошта” АЖ раҳбарияти биргаликда шов-шувли мусобақа арафасида юбилей почта маркасини чиқарди.

Янги почта маркасининг тақдимот маросимида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш дирекцияси бошлиғи Наиль Нуров ушбу тадбир кўчманчи халқларнинг бой маданий меросини ҳурмат қиладиган ва қадрлайдиган барча инсонлар учун муҳим воқеа эканини таъкидлади.

бала
Фото: Ағибай Аяпбергенов/Kazinform

“V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари нафақат спорт тадбири, балки анъаналаримиз ва маданий меросимиз билан ўзига хос мулоқот воситасидир. Юбелей почта маркасининг муомалага чиқарилиши ўтмишимиз билан фахрланишимиз, уни келажак авлодларга етказиш истагимиз рамзидир. Бу ташаббус кўчманчи халқларнинг маданий анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади, деб ўйлаймиз”, – деди Наиль Нуров.

Юбилей почта маркаси 500 нусхада чиқарилган. Бугундан бошлаб мамлакатнинг турли вилоятларидаги почта бўлимларидан почта маркаларидан фойдаланган ҳолда юрт ичида ва узоқ хорижга посилка ва хатларни жўнатиш мумкин. Сиз уни сувенир сифатида ҳам сотиб олишингиз мумкин. Нархи 500 тенге.

марка
Фото: Ағибай Аяпбергенов/Kazinform

Айтганча, почта маркаларини йиғиш дунёда иккинчи ўриндаги хоббидир. Шу билан бирга, “Қазпошта” АЖ мутахассислари 10, 20 йилдан сўнг Жаҳон кўчманчилар ўйинларига қўйиладиган эсдалик маркасининг қиймати осмонга кўтарилишини башорат қилмоқда.

“Қазпошта” АЖ бошқаруви раиси Асель Жанасова Жаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида юбелей почта маркасининг муомалага чиқарилиши нафақат маданий меросга ҳурмат белгиси, балки анъаналарни асраб-авайлаш ва тарғиб этишга қўшилаётган салмоқли ҳисса эканини таъкидлади.

V Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг юбелей почта маркаси филателия санъатининг ноёб намунасидир. Марка муаллифи Жаҳон кўчманчилар ўйинлари дирекциясининг маркетинг бўлими бошлиғи Серик Буксиковдир. Маркада қадимий анъаналар сақловчиси "Бургут" тасвирланган. Бу қатъият ва садоқатни ифодалайди.

Эслатиб ўтамиз, 8-13 сентябрь кунлари Астана шаҳрида V Жаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади. Жаҳон мусобақасига 89 давлатдан 2800 га яқин иштирокчи келиши кутилмоқда. Спортнинг 21 тури бўйича 97 та медаллар жамланмаси баҳоланади.

Сўнгги хабарлар
telegram