Астанада Туркий давлатлар ташкилоти Ёшлар ишлари ва спорт вазирларининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди
ASTANА. Кazinform - Пойтахтда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Ёшлар ва спорт масалалари бўйича масъул вазирларнинг 8-йиғилиши бўлиб ўтди.
Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматига кўра, Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Венгриянинг Алматидаги Бош консули Саболч Карой Сёке, шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Туркманистон масъул вазирлари ва вакиллари ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоған иштирок этди.
Ёшлар ва спорт масалалари бўйича масъул идора раҳбарларининг анъанавий йиғилишида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сиёсат ва спорт соҳасида ёшларга оид янги лойиҳаларни тайёрлашга асос бўлаётган фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беришини, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш мақсадида бу борадаги ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
“Бизда спорт салоҳиятимизни мустаҳкамлаш учун кўплаб янги имкониятлар мавжуд. Сўнгги йилларда спортчиларимиз халқаро майдонларда юксак натижаларга эришмоқда. Айни пайтда қозоғистонлик спортчилар ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар ҳудудида бўлиб ўтадиган халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. Ишонаманки, мамлакатларимиз ўртасидаги спорт алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани муваффақиятлар гарови ва келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлади. Ёшлар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ёшлар ҳар бир давлатнинг асосий бойлиги бўлиб, уларнинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча шароитларни яратиш бизнинг мақсадимиздир”, – деди вазир.
Шу билан бирга, Ербол Мирзабосинов ТДТ ҳудудида TAN қўшма лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус бош қароргоҳи Алмати шаҳрида жойлашган Туркий марафонлар альянси доирасида туркий халқлар марафонлари туркумини бирлаштиришга қаратилган.
“Биз 6 та давлатда 7 та марафонни, хусусан, Алмати, Туркистон, Боку, Самарқанд, Истанбул, Будапештдаги марафонларни, шунингдек, Snow Leopard Runни ягона альянсга бирлашишга таклиф қиламиз. Бу марафонларнинг вакиллари у ерда қарор қабул қилиш учун тенг даражада ваколатга эга бўлади”, — деди Туризм ва спорт вазири.
Мазкур ташаббус югурувчиларнинг ички миграцияси ва халқаро иштирокчиларни жалб этиш ҳисобига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, марафонлар ўртасида илғор тажриба алмашиш, мусобақаларни жаҳон андозалари асосида ташкил этиш сифатини ошириш ва бошқа қатор муҳим афзалликларга эга бўлади.
Учрашув сўнгида Ербол Мирзабосинов меҳмонларга учрашув ва V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларидаги иштироки учун миннатдорчилик билдирди.