Астанада Сунъий интеллект миллий маркази ишга тушади
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев “Адолатли Қозоғистон: қонун ва тартиб, иқтисодий ўсиш, жамоатчилик оптимизми” деб номланган Мурожаатномасида Астанада Сунъий интеллект миллий марказини ишга туширишни топширди.
“Қозоғистон рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини кўпайтириши керак. “Электрон ҳукумат” платформасига имкон қадар сунъий интеллект технологиясини жорий этиш зарур. Қозоғистон сунъий интеллектдан кенг фойдаланадиган ва рақамли технологияларни ривожлантирувчи давлатга айланиши керак. Бу - Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан биридир. Депутатларни бу ишда иштирок этишга таклиф қиламан.
Келгуси йилда Астанада Сунъий интеллект миллий маркази ишга тушиши керак. Бу марказ ўқувчилар, талабалар, олимлар, тадбиркорлар учун доим очиқ бўлади”, - деди Президент.
Шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев рақамли активлар ва майнингни қонун билан тартибга солиш ва криптобиржаларни янада ривожлантириш кераклигини айтди.
“Мамлакатимизда иқтисодиёт учун зарур бўлган электр энергиясидан меъёридан ортиқ фойдаланаётган, шу билан бирга кам солиқ тўлаётган тадбиркорлар бор. Булар интизомга солиниши керак.
2025 йилда Каспий денгизи орқали оптик толали алоқа тармоғини ётқизиш лойиҳаси якунланади. Бу лойиҳа мамлакатимиз учун жуда муҳим. Бунинг ёрдамида биз халқаро канал ва трансчегаравий ахборот оқими билан боғлиқ рақамли инфратузилмани яратишимиз мумкин. Умуман олганда, телекоммуникация тармоқлари ва маълумотлар марказларини максимал даражада такомиллаштириш, киберхавфсизликнинг жаҳон стандартларини жорий этиш, мутахассисларимизнинг малакасини ошириш билан боғлиқ ишларни давом эттириш зарур”, - деди Давлат раҳбари.