Астанада қушбегиларнинг халқаро турнири бўлиб ўтди

ASTANА. Каzinform – Астана яқинидаги Софиев қишлоғида ташкил этилган Кунтуған Тўқтибайули номидаги халқаро қушбегилар(бургутчилар) турнири бугун ўз якунига етди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
None

Мусобақада мамлакатнинг барча ҳудудларидан қушбегилардан ташқари, Хитой, Мўғулистон ва Қирғизистондан қушбегилар иштирок этди.

«Бу Қозоғистондаги мусобақага биринчи ташрифимиз. Умуман олганда, бунгача қозоғистонлик қушбегилар билан тажриба алмашиб, биргаликда машғулотлар ўтказдик. Ушбу мусобақага 2 та бургутни олиб келдик. Астана шаҳри узоқда жойлашгани учун бургутни етказиш осон иш эмас. Ушбу мусобақадан сўнг Қозоғистонда минтақалараро ўйинлар ўтказилади. Уларда ҳам иштирок этишни режалаштирганмиз», - деди Қирғизистоннинг Салбурин миллий ўйини бош мураббийи Нурлан Молдаханов.

Мусобақа иштирокчиларидан бири Жетису вилоятида яшовчи Абдикерим Тусей. У бургутини ушбу турнирга 1 ойдан ортиқ тайёрлаган.

«Мусобақа юқори савияда ўтди. Барча иштирокчилар бургутларини яхши тайёрлашган. Биз Жетису вилоятидан 3 та қуш олиб келдик - иккита бургут, битта лочин. Бугун об-ҳаво ёмон. Бироқ, қушлар ўз ўлжасини тутиб, қўлга қайтиб келишмоқда», - дейди Абдикерим Тусей.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, ушбу мусобақа келгуси йили Астанада бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида қатнашадиганлар учун тайёргарлик вазифасини ўтайди.

«Хабарингиз бор, келгуси йили Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади. Қирғизистонда икки марта, ўтган йили Туркияда ташкил этилган. Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари дастуридан қушбегилик ҳам ўрин олган. Айтишимиз мумкинки, бу мусобақа ўша ўйинлар олдидан тайёргарликлардан биридир», - деди Астана спорт ва жисмоний тарбия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Еркеғали Карбозов.

Турнир якунларига кўра, туркистонлик Тўлемирза Паннинг «Туйғин»и мусобақада биринчи ўринни эгаллади. Алмати вилоятидан Аян Сейитжаннинг «Кўкжендет»и иккинчи, атираулик Арман Қошкаровнинг «Ақсенгир» бургути учинчи ўринни эгаллади.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар