Астанада Қирғизистон киноси кунлари бошланди

Астанада Қирғизистон киноси кунлари бошланди
Фото: Маданият ва ахборот вазирлиги

ASTANА. Кazinform - 3 апрель куни Астанада Қирғизистон киноси кунлари очилди.

Тадбирда Қирғизистон Республикасининг Қозоғистондаги элчиси Дастан Дюшекеев, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги Маданият қўмитаси раиси Кумис Сейитова, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, қирғиз диаспораси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қирғизистон киноси кунларининг очилишида қирғизистонлик режиссёр Руслан Акуннинг “Бейиш энин таманинда”(Жаннат онанинг оёғи остида) фильми намойиш этилди.

Фильм тафаккури саккиз ёшли бола даражасида бўлган йигитнинг машаққатли ҳаёти ва онанинг фарзандига бўлган меҳри ҳақида.

Фильмнинг асосий қисми Қозоғистон ҳудудида суратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, фильмнинг премерьаси Наврўз байрами арафасида Қирғизистон ва Қозоғистон кинотеатрларида бўлиб ўтди.

Асосий мақсад икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшни давлатнинг кино ишлаб чиқариш саноатини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Бу фильм қозоғистонлик томошабинлар Қирғизистон киноси кунларида кўрадиган ягона фильм эмас.

4 апрель куни “Тенирберди”(Тангриберди) фильми намойиш этилади. Асар енгил комедия жанридаги ахлоқий қадриятлар мавзусига бағишланган.

Қайд этиш жоизки, икки давлат кинопродюсерлари ҳамкорликда бир қанча муваффақиятли лойиҳаларни яратган.

Жумладан, Қозоғистон ва Қирғизистон кинематографларининг биргаликдаги фаолияти натижасида “Ҳукм” фильми суратга олинди.

Сўнгги хабарлар