Астанада қўл жанги бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда
Мусобақа давомида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. У ерда биринчи бўлиб сўзга чиққан Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов мусобақани юқори даражада ташкил этган Бутунқозоғистон қўл жанги ассоциацияси президенти Сакен Исабековга миннатдорчилик билдирди.
«2011 йилдан буён чемпионат ўтказиб келамиз. Бугун Астана шаҳрида бўлиб ўтаётган мусобақа 7-жаҳон чемпионати ҳисобланади. Биринчи бештаси Россияда, олтинчиси эса Тошкентда бўлди. Асосий ташкилотчи – Бутунқозоғистон қўл жанги ассоциацияси ҳисобланади. Биз, яъни Халқаро қўл жанги федерацияси бундай мусобақани юқори савияда ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирамиз», — деди Сергей Астахов.
Унга кўра, жаҳон чемпионатида 32 давлатдан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этяпти.
«Мусобақада 161 нафар эркак ва 151 нафар аёл спортчи иштирок этяпти. Кеча «Ўз-ўзини ҳимоя қилиш» мавзусида учрашувлар бўлиб ўтди. Жами спортчиларга 18 та медаль берилади», – деди Сергей Астахов.
Қозоғистондан бу чемпионатга икки жамоа қўшилган. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакат спортчиларининг тайёргарлиги юқори савияда.
Қайд этиш жоизки, қозоғистонликлар спортнинг ушбу тури бўйича ўтган жаҳон чемпионатларида умумжамоа ҳисобида энг яхшилар қаторидан жой олган.
Астанада ўтаётган мусобақада Қозоғистондан 9 нафар жаҳон чемпиони иштирок этяпти.
Бугун Ж.Ушкемпиров номидаги жанг санъатлари саройида финал баҳслари бўлиб ўтади.
Муаллиф: Алихан Асқар