Астанада IFC кўмагида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ривожлантириш муҳокама қилинди
ASTANA. Кazinform - Астана шаҳрида ҚР Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров Халқаро молия корпорациясининг (IFC – Бутунжаҳон банки гуруҳи таркибига киради) тармоқлараро ечимлар бўйича вице-президенти Эммануэль Ньиджиринкиндри билан учрашув ўтказди.

Учрашувда IFC нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Афғонистон ва Покистонда давлат-хусусий шериклик келишувлари бўйича маслаҳат гуруҳининг минтақавий менежери Майкл Опаги, IFC нинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон бўйича минтақавий менежери Зафар Ҳошимов ҳамда Жаҳон банкининг Қозоғистон ва Туркманистондаги доимий вакили Андрей Михнев иштирок этди.
Томонлар давлат-хусусий шериклик механизми орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Нурлан Байбазаров IFC билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи рол ўйнашини таъкидлади. Ана шундай лойиҳалардан бири Алмати шаҳар халқаро аэропортининг янги терминали ва Катта Алмати ҳалқа йўлини модернизация қилишдир.
“Ҳамкорлик йилларида биз кенг кўламли иқтисодий масалаларни қамраб олган ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга эришдик ва уни янада ривожлантириш ниятидамиз. Хусусан, биз инфратузилма лойиҳалари ва махсус жамғармалар ташкил этиш бўйича мутахассисларимизни халқаро IFC сертификатларига ўқитишдан ва сертификатлашдан манфаатдормиз”, — деди Н. Байбазаров.
Ўз навбатида Эммануэль Ньиджиринкиндри IFC Қозоғистоннинг узоқ муддатли салоҳиятини қайд этди ва уни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.
IFC вакиллари, шунингдек, мамлакатнинг барқарор ва инклюзив ўсишини таъминлаш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг улкан лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун халқаро тажриба ва ресурсларни тақдим этишга тайёр эканликларини билдирдилар.