Астанада Euronewsнинг Марказий Осиёдаги хаби очилади

Хаб ашылды
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Брюссельга иш сафари чоғида Euronews директорлар кенгаши раиси Педро Варгас Давид билан учрашди, деб хабар беради Kazinform Маданият ва ахборот вазирлигига таяниб.

Бу муҳим воқеа: томонлар Астанада Euronews телеканалининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонасини очиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Қозоғистон Марказий Осиё минтақасида муҳим рол ўйнаб, давлат ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширмоқда. Шу боис Астанада Euronews ваколатхонаси очилиши катта тарихий аҳамиятга эга.

“Биз учун бу чинакам катта воқеа бўлиб, Қозоғистонни дунёга қайтадан танитиш учун илгари ақл бовар қилмайдиган имкониятларни очади. Қозоғистон бой маданий ва тарихий меросга, гўзал табиатга ва ажойиб одамларга эга бўлган кўчманчиларнинг буюк цивилизациясининг бевосита вориси. Қозоғистон замонавий дунёнинг бир қисми бўлиб, бугунги кунда Президент Қ.К.Тоқаевнинг илғор ғоялари асосида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй бермоқда. Қозоғистон ўзининг ноёб маънавий-маданий мероси, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини цивилизациялашган дунё билан баҳам кўришга тайёр давлатдир. Шу сабабли, Euronews жамоаси Қозоғистон ҳақида бутун дунёга мамлакатимизнинг қоқ марказидан – гўзал Астанадан эшиттиришидан жуда хурсандман!” – деди Аида Балаева йиғилишда.

Аида Балаева
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

Euronews жамоаси яқин келажакда қозоқларнинг санъати, маданияти ва турмуш тарзи ҳақидаги Modern nomads телекўрсатуви, мамлакатдаги бизнес ва иқтисодий воқеаларни ёритувчи “Шарқ ва Ғарб алоқаси” кўрсатуви, “Марказий Осиё овози” – минтақадаги таниқли арбоблар билан суҳбатлар, Focus репортажлари, йирик минтақавий тадбирларни ёритиб, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ва маҳорат сабоқлари ўтказишлари режалаштирилган.

“Бу Қозоғистон учун ҳам, Euronews учун ҳам жуда муҳим қадам. Қозоғистон томонидан бу Астанада хаб ташкил этмоқчи бўлган биринчи йирик халқаро ахборот марказидир. Бу эса мамлакатнинг дунё учун қанчалик очиқ эканлигини кўрсатади. Euronews нуқтаи назаридан, бу бизнинг шарққа бўлган энг катта кенгайишимиз. Қозоғистон Евроосиё қитъасининг марказидир ва бу бизнинг нафақат Европа мамлакатларида, балки қитъадан ташқарида ҳам мавжудлигимизнинг кучлилигини кўрсатади. Биз бутун дунё бўйлаб 1,2 миллиард одамни қамраб оладиган каналимиз Марказий Осиёда ҳам бўлишини узоқ вақтдан бери орзу қилган эдик”, — деди Euronews директорлар кенгаши раиси Педро Варгас Давид.

Euronews жорий йилнинг сентябрь ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган ва кенг кўламли халқаро тадбирга айланадиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг медиа ҳамкори бўлиш ташаббуси билан чиқди.

Сўнгги хабарлар
telegram