Астанада америкалик GE HealthCare Academy ўқув маркази очилди
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сентябрь ойида АҚШга ташрифи чоғида GE HealthCare компанияси билан асосли келишув имзоланган эди. Шу муносабат билан бугун Астана тиббиёт университетида GE HealthCare Academyнинг мамлакатдаги биринчи ўқув маркази очилди, деб хабар беради Kazinform.

Ўқув маркази дастурига акушерлик, гинекология, репродуктив тиббиёт, кардиология соҳасидаги ультратовуш диагностикаси бўйича курслар киритилган.
Марказда ҳар йили 150 киши курс олади.
Марказнинг очилиш маросимида ҚР Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният иштирок этди.

“Компания билан учрашганимизда нафақат янги заводлар очиш, балки жаҳондаги таниқли компанияларнинг мутахассисларидан ҳам ўқитиш муҳимлигини айтдик. Бу заводларга ўз компанияларимиз ва ўз муҳандисларимиз хизмат кўрсатиши керак. Шунинг учун биз ривожланиш институтлари ва ўқув марказларини очмоқчи бўлдик”, – деди Вазир.

Ўқув марказида Астана тиббиёт университети ва GE HealthCare мутахассислари машғулотлар олиб боради.

Айрим маъруза ва маҳорат дарсларига қозоғистонлик ва хорижлик мутахассислар жалб қилинади.
АҚШнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюмнинг айтишича, ҳамкорликнинг бундай даражаси ҳар икки томон учун ҳам фойдалидир.

“Янги марказ ҳар икки томон учун яхши имкониятдир. Чунки Астана тиббиёт университетида GE HealthCare экспертлари кўмагида янги технологиялар жорий этилади. Бу нафақат тиббиёт талабалари ва шифокорлари, балки улардан даволанаётган оддий фуқароларга ҳам фойда келтиради. Шунинг учун бундай ҳамкорлик жуда муҳим”, – деди АҚШ элчиси.




