Астанада 24 та қулай мактаб қурилади
ASTANA. Kazinform - Астанада “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида 24 та мактаб қурилади. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Астана шаҳри ҳокими Женис Қасимбек маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
«Ҳар йили шаҳарда мактаб ёшидаги болалар сони ўртача 20 минг кишига кўпаймоқда. Масалани ҳал қилиш учун йил бошидан буён 18 та мактаб, шундан, 11 таси «қулай» мактаб фойдаланишга топширилди. Умуман олганда, “Қулай мактаб” миллий лойиҳасини амалга ошириш туфайли икки сменада 90 минг ўқувчи ўринли 24 та мактаб қурилади. Келгуси йиллар учун замин тайёрлаяпмиз. Масалан, келгуси йилда яна 20 га яқин мактаб қуриб, фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз», – дейди Ж.Қасимбек.
Шунингдек, ҳоким 2029 йилгача пойтахтда 60 та давлат боғчалари қурилиши режалаштирилганини маълум қилди. Биринчи босқич доирасида 3000 ўринли 10 та болалар боғчаси қурилиши бошланди. Бундан ташқари, 17 та хусусий болалар боғчаси қурилмоқда.
Ж.Қасимбекнинг сўзларига кўра, Давлат раҳбари 2029 йилгача 15 та замонавий Ўқувчилар саройини қуриш вазифасини қўйган. Улардан иккитаси ишлаб турибди, учтаси қурилмоқда, қолганлари лойиҳалаш босқичида.
Пойтахт кутубхоналари замонавий маданият масканларига айлантириб бориляпти. 4 та янги кутубхона очилди, китоб фонди ҳар йили янгиланади. Келгуси йилда яна 7 та кутубхонани модернизация қилиш ва очиш режалаштирилган.