Астана ва Лондон ишончли ҳамкорлардир
Туманли Альбион парламентида Қозоғистон ва Буюк Британия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди ва йил якунлари эълон қилинди. Қозоғистон томони мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар, демократлаштириш жараёнлари ҳақида гапирди. Британия томони икки давлат манфаати йўлида амалга оширилаётган ишлар натижалари билан ўртоқлашди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Ўтган 30 йил давомида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамланди. Ҳатто 2023 йилда ҳам юқори даражадаги хизмат сафарлари кўп бўлди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазири, Бизнес ва савдо бўйича давлат вазири, Мудофаа вазири ўринбосари ва мамлакат парламенти вакиллари Астанага келди. ҚР Мажилис раиси Лондонга бориб, Қозоғистон номидан Чарльз III нинг тож кийиш маросимида иштирок этди. Бундан ташқари, бир қатор вазирлар ва юқори мартабали амалдорлар ҳам Туманли Альбионга ташриф буюришди.

“Британияликларнинг мамлакатимизга қизиқиши сезилмоқда. У муносабатларни фаоллаштиришни хоҳлайди. Бугунги давра суҳбати иштирокчилари бир фикрга келдиларки, бизни олдинда ёрқин ва самарали ишлар кутмоқда”, – дейди Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Мағжан Илиясов.
Тадбирда Буюк Британия Парламенти депутатлари, сиёсатчилар, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этиб, Қозоғистоннинг геосиёсий ҳолати муҳимлигини таъкидладилар. Мамлакатнинг узоқ ва яқин давлатлар билан алоқалар ўрнатишда миллий манфаатларга устувор аҳамият қаратган ташқи сиёсатини юксак баҳолади.
“Биз геосиёсий ҳамкорликни ошириш ва алоқаларимизни мустаҳкамлаш учун тезроқ ҳаракат қилишимиз керак. Икки давлат келажаги порлоқ бўлиши учун бу ишни яккама-якка эмас, биргаликда амалга оширсак, албатта, кўп марраларни забт этамиз”, – дейди Британия мудофаа штаби собиқ раҳбари Дэвид Ричардс.

“Биргаликда қилинадиган ишлар кўп. Минерал ресурслар, яримўтказгич аккумуляторлари технологияси ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигимиз кенгаяди. Таълим соҳасида ҳам елкадош бўлиб ишлаймиз. Мутахассисларнинг малакасини ошириш учун тажриба алмашишимиз муҳим”, – деди Британия Парламенти аъзоси Пол Скалли.
Бугунги кунда Қозоғистон Буюк Британиянинг нафақат таълим, балки энергетика, ўта муҳим фойдали қазилмалар, иқлим ўзгариши, мудофаа ва хавфсизлик каби қатор муҳим масалаларда ҳам Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Савдо алоқалари жадал ривожланмоқда ва уларнинг ҳажми йилига 3 миллиард стерлинг фунтга яқин. Бундан ташқари, Буюк Британия Қозоғистондаги энг йирик еттилик сармоядорлар қаторига киради.